O'zbek Ўзбекча
Питер Хюистра ва Анзур Исмоилов «Истиқлол» билан ўйин олдидан ўз фикрларини билдиришди
Жума, 25 Сентябр
7303

«Пахтакор» 26 сентябрь куни ОЧЛ 1/8 финали доирасида Эроннинг «Истиқлол» клуби билан баҳс юритади. Ушбу ўйиндан аввалги матбуот анжуманида «шерлар»нинг ёрдамчи мураббийи Питер Хюистра ва ҳимоячи Анзур Исмоилов қатнашишди.

«Гуруҳ босқичини якунладик. Энди бир ўйинлардан иборат плей-оффда ҳаракат қиламиз. Бунга тайёрмиз. Барчасини ўйин кўрсатиб беради.

Шота ўзини яхши ҳис қилмоқда. У изоляцияда. Ўтган ўйинни таҳлил қилдик ва навбатдаги баҳсга тайёргарлик кўряпмиз. Барчаси яхши бўлишига ишонамиз. Шота дастлабки кунлари бироз ўзини ёмон ҳис қилди, ҳозир эса барчаси ортда қолди. У ҳали ёш ва ишга чанқоқ.

Эртага Комилов сариқ карточкалар сони туфайли майдонга туша олмайди. Қолган барча футболчилар ўйинга тайёр ва соғлом ҳолатда. «Пахтакор»ни жисмонан кучсиз деб ўйламанглар. Биз ҳам икки йилдан буён бу борада меҳнат қиляпмиз. Ўзимизга ишончимиз катта.

Бу йигитлар билан ҳар куни бирга ишлайман ва уларнинг имкониятини яхши биламан. Шу сабабли ҳам уларга ишониб гапирмоқдаман.

Охирги йилларда ўзбек клубларида пасайиш бўлди. Лекин икки йил олдин Ўзбекистон U-23 миллий жамоаси Осиё чемпиони бўлганди. Ўша жамоанинг кўплаб аъзолари ҳозир «Пахтакор»да ўйнашмоқда. Ўша мусобақадан кейин футболчилар янада кучайишди. Бу футболчилар янги даврни бошлаб беришмоқда. Дастлабки мақсадимиз гуруҳдан чиқиш эди, бу вазифа уддаланди. Энди навбатдаги рақибни мағлуб этишни истаймиз», – дея Хюистранинг сўзларини келтиради клуб матбуот хизмати.

«Гуруҳдан чиққанимиздан хурсандмиз. Бизни олдинда оғир ўйинлар ва ҳақиқий кураш кутмоқда. Мухлислар ва кўплаб инсонлар «Пахтакор»дан ғалаба кутишмоқда. Мақсадимиз – фақат ғалаба қозониш. Рақибни яхши биламиз, ўрганиб чиқдик. Бизга қийин бўлади. Ғалаба қозонишимиз кераклигини тушуниб турибмиз. Жамоамиз эртанги ўйинга тайёр. Майдонга фақат ғалаба учун чиқамиз.

Рақиб сафида иккинчи қаватда яхши ўйнайдиган футболчилар бор. Биз ҳам шунга яраша тайёргарлик кўрдик. Жамоамиздаги футболчилар бир-бирини яхши тушунади», – дейди ҳимоячи Анзур Исмоилов.

Ўхшаш янгиликлар