O'zbek Ўзбекча
«Челси» энг қиммат дарвозабон ўрнига бошқасини олди. Сўнгги трансфер хабарлари
Жума, 25 Сентябр
7605

«Челси» томонидан «Ренн»дан 25 миллион еврога сотиб олинган Эдуар Менди АПЛ тарихидаги энг қиммат дарвозабонлар рейтингида 5-ўринни эгаллади. Қизиғи, у мазкур рейтингни бошқараётган 80 миллионлик Кепанинг ўрнини эгаллаш учун сотиб олинди. Рейтингдаги энг қиммат дарвозабонлар ўнлиги билан қуйида танишиш мумкин.

«Интер» марказий ҳимоячиси Диего Годин «Кальяри» аъзосига айланди. Сардинияликлар клуби расмий сайти хабарига кўра, уругвайлик футболчи клуб билан «2+1» кўринишида шартнома имзолади. «Интер»ни эркин агент сифатида тарк этган 34 ёшли футболчи янги клубида йилига 3 миллион евро маош олади.

«Саутҳэмптон» «Челси»дан Рубен Лофтус-Чикни бир йилга ижарага олишга ҳаракат қилиб кўради, деб хабар бермоқда The Athletic. Лондонликлар клубининг ёздаги трансферларидан сўнг 24 ёшли Рубеннинг аоссий таркибда тушиш имконияти янада пасайиб кетди. Ўтган мавсумда ҳам футболчи атиги 7 ўйинда майдонга тушиб, 1 голга ассистентлик қилганди. 

Чемпионшипга тушиб кетган «Уотфорд»нинг истеъдодли футболчилари ҳали ҳам тугамаяпти – бу сафар Роберто Перейрага Италиядан харидор чиқди. Николо Ширанинг ёзишича, «Удинезе» Родриго де Паулнинг «Лидс»га сотилишидан, унинг ўрнини тўлдириш учун Робертони олиб келишмоқчи. Бу трансфер амалга ошиши эҳтимоли юқори, ҳар икки клубнинг эгаси Поццо оиласи ҳисобланади. Ўтган мавсумда 29 ёшли ҳавбек АПЛнинг 28 ўйинида майдонга тушиб, 3 гол муаллифи бўлган.

«Интер» вингери Антонио Кандрева «Сампдория»га ўтишга яқин турибди. TuttomercatoWeb нашри хабарига кўра, 33 ёшли футболчининг трансфери юзасидан томонлар келишувга яқин келишган. Сумма 3 миллион еврога баҳоланяпти. Кандрева генуяликлар билан 3 йиллик шартномага имзо чекади.

«Брайтон»нинг марказий яримҳимоячиси Дейл Стивенс «Бёрнли»га ўтди. «Бёрнли» ушбу 31 ёшли футболчининг трансфери учун 1 миллион фунт тўлаган ва у билан 2 йиллик шартнома имзолаган.

«Шальке-04» ҳимоячиси Матия Настасич «Милан»да тўп суришга яқин турибди. Клублар сербиялик футболчини ижарага олиш борасида келишувга эришди. Аввалроқ, миланликлар бошқа бир марказий ҳимоячи, «Фиорентина» етакчиси Никола Миленковични қўлга киритишга ҳаракат қилиб кўрганди, аммо флоренцияликлар рад жавобини беришган.

Диего Годинни қўйиб юборган ва Милан Шкриньярни «Тоттенҳэм»га сотишга яқин турган «Интер» уларга ўринбосар сифатида «Шальке» аъзоси Ўзан Кабакни кўрмоқда. 20 ёшли футболчининг трансфер қиймати 30 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.

«Манчестер Юнайтед» томонидан қизиқиш билдирилаётган Алекс Теллес «Порту» томонидан ўзига қўйилган нархни жуда қиммат деб баҳоламоқда. Португалияликлар чап қанот ҳимоячиси учун 18.5 миллион фунт сўрашмоқда, лекин «Манчестер Юнайтед» 12 миллион фунт таклиф қиляпти. Бразилиялик футболчи клуб билан шартномаси атиги бир йил қолганидан келиб чиқиб, нархни камайтиришларига умид боғламоқда ва трансфер ойнасининг охиригача кутиб туришга қарши эмас.

«Монако» Флорентино Луишни «Бенфика»дан бир йилга ижарага олганини расман маълум қилди. 21 ёшли яримҳимоячининг ижара нархи 1,5 миллион еврони ташкил қилди. Келишувда бир йилдан кейин футболчини сотиб олиш опцияси ҳам кўзда тутилган.

L'Equipe нашрининг ёзишича, Мадриднинг «Реал» клуби агар Килиан Мбаппе «ПСЖ» билан шартномани узайтирмаса, унинг трансфери учун 100 миллион евро тўлашга тайёр. Аввалроқ ҳам мадридликлар келаси ёзда Мбаппени қўлга киритишга ҳаракат қилиб кўриши айтилганди. Ёш юлдузга шунингдек, «Ливерпуль» жамоасида ҳам қизиқиш мавжуд. Бир қатор мутахассислар ва футболчининг яқинлари Килианга айнан Англияга бориб ўйнашни маслаҳат беришмоқда. Лекин бошқа томондан футболчи Мадрид клубининг ашаддий мухлиси экани ҳам сир эмас.

Corriere dello Sport нашри хабарида ёзилишича, «Интер» Кристиан Эриксенни трансферга қўйди. Манбада келтирилишича, футболчи бир қатор Англия клубларига таклиф қилинган, лекин унга ҳеч қайси жамоа қизиқиш билдирмаган. «Интер» уни ҳатто кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага беришга ҳам рози. Миланликлар ушбу футболчини 2020 йил январида «Тоттенҳэм»дан 27 миллион еврога сотиб олишганди ва уни айнан шунча нархга сотишмоқчи. 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар