O'zbek Ўзбекча
ОЧЛ можаро ёқасида. Амалдаги чемпион «Ал Ҳилол» бугун ўйинга келмай, турнирни тарк этиши мумкин
Чоршанба, 23 Сентябр
12000

Бугун, 23 сентябрь куни Қатарда ўтаётган Осиё Чемпионлар лигаси «B» гуруҳида сўнгги тур ўйинлари ўтказилади.

Tribuna.uz манбасининг хабар беришича, «В» гуруҳи пешқадами Саудия Арабистонининг «Ал Ҳилол» клубидаги коронавирус бўйича вазият оғирлиги туфайли клуб бугун ўтказилиши лозим бўлган «Шабоб Ал Аҳли»га қарши 6-тур учрашувида майдонга тушмоқчи эмас.

Ар-Риёд клуби ОФКдан баҳсни бошқа санага кўчириш ҳақидаги сўров билан мурожаат қилган, аммо ОФК саудияликлар илтимосини рад этган. 

6-тур доирасидаги «Ал Ҳилол» - «Шабоб Ал Аҳли» ўйини соат 23:00да бошланиши лозим, аммо ўйингача 2 соат вақт қолган бўлса-да, «Ал Ҳилол»нинг Доҳадаги меҳмонхонадан стадионга етиб келиши сўроқ остида қолмоқда. Шу боис, ушбу баҳснинг ўтказилмаслиги катта эҳтимол.

Ар-Риёд клуби турнирдаги иштирокини тўхтатса, ОФК жамоанинг барча натижаларини бекор қилади. Шу жумладан, «Пахтакор» билан ўйиндаги натижаларини ҳам (1:2, 0:0). Натижада «Пахтакор» 6 очко билан гуруҳдан чиқиш масаласини муддатдан аввал ҳал қилиши мумкин. Шунингдек, «Шабоб Ал Аҳли» ҳам 6 очко билан плей-офф босқичига йўлланма олади.

Маълумот учун, «Ал Ҳилол» таркибининг ярмидан кўпи коронавирус туфайли алоҳида назоратга олинган. Жамоа аввалги ўйинларда ҳам таркиб борасида муаммоларга йўлиққан эди. Клуб ОЧЛнинг 2019 йилги ғолиби саналади.

Эслатиб ўтамиз, «Пахтакор» 6-тур доирасида бугун, 23 сентябрь куни Эроннинг «Шаҳри Худрў» клубига қарши майдонга тушади. Баҳс соат 23:00да бошланади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар