O'zbek Ўзбекча
«Парк де Пренс» рингга айланди: 12 сариқ, 5 қизил, муштлашувлар ва Неймарнинг айблови
Душанба, 14 Сентябр
9063

Чемпионлар лигаси финалчиси ички чемпионатда мавсумни қаторасига икки мағлубият билан бошлади ва турнир жадвалида охирги ўринларга тушиб кетди.

Франция чемпионатининг икки асосий клуби ўртасидаги баҳс муштлашувга айланиб кетди ва 5 футболчи майдондан четлатилди.

«ПСЖ» — «Марсель» — 0:1 (0:1)
Гол: Товен, 31.
«ПСЖ»: Рико, Флоренци (Курзава, 84), Бернат (Дагба, 84), Кимпембе, Керер, Эррера (Дракслер, 61), И.Гуйе, Сарабия, Верратти (Паредес, 71), Ди Мария, Неймар.
«Марсель»: Манданда, Альваро Гонсалес, Сакаи, Амави, Чалета-Цар, Камара, Лопес (Стротман, 68), Ронжье, П.Гуйе (Бенедетто, 58), Пайет (Жермен, 77), Товен (Радоньич, 77).
Огоҳлантиришлар: Сакаи, 7. Неймар, 11. Пайет, 11. Флоренци, 13. П.Гей, 38. Альваро Гонсалес, 50. Бернат, 52. Лопес, 61. Бенедетто, 71. Паредес, 72. Ди Мария, 74. Стротман, 90+1.
Четлатишлар: Курзава, 90+7. Паредес, 90+7. Бенедетто, 90+7. Амави, 90+7. Неймар, 90+9.
Ҳакам: Бризар.
13 сентябрь. Париж. Стадион «Парк де Пренс».

Ўн йил ғалабасиз
Францияда «ПСЖ» ва «Марсель» ўртасидаги ўйинлар ҳамиша кескин руҳда кечган. Бу жамоалар тўқнашганида уларнинг турнир жадвалидаги ўринлари унутилади, чунки асосийси — азалий душманни мағлуб этиш бўлади. «ПСЖ» Чемпионлар лигаси финалида «Бавария»га ютқазганида Марселда фанатлар пойтахтликларнинг мағлубиятини тантана қилишганди.

Лекин бу якшанба куни оқшоми Парижда рўй берган ҳодисалар билан тенглаша олмайди, шу кеча футболчилар майдонга чинакамига жанг қилиш учун тушишганди, натижада барчаси назоратдан чиқиб кетди ва француз футболидаги энг қайғули рекордлардан бири қайд этилди. Арбитр Жером Бризар футболчиларга 17 марта карточка кўрсатди, шундан 5таси қизил рангда эди.

«Парк де Пренс»даги ўйин охиридаги воқеалар барчасидан ўтиб тушди. 

Франциядаги бу дерби 90-йиллардан буён бор. XX аср охиридаги дербиларда устунлик «Марсель» томонида бўлган, шайхларнинг келишидан кейин эса «ПСЖ» кўпроқ ғалаба қозонишни бошлаган. «Марсель»нинг сўнгги ғалабаси 2011 йилга тўғри келарди, ўшанда Неймар ҳали «Сантос»да ўйнар, Мбаппе эса 12 ёшда эди. Аммо якшанба куни тарихда бурилиш имкони пайдо бўлганди: коронавирус «ПСЖ»нинг шусиз ҳам ЕЧЛ туфайли қисқарган мавсумолди йиғинини барбод қилди - Неймар, Мбаппе, Кейлор Навас, Паредес ва Анхель Ди Мария касалликка чалиниб, машғулотларда иштирок эта олмади.

Бу футболчиларсиз парижликлар чемпионатнинг биринчи турида дебютант «Ланс»га мағлуб бўлганди, мавсумдаги иккинчи ўйин эса «Марсель»га қарши кечди. Неймар, Навас, Паредес ва Ди Мария сафга қайтган бўлсада пойтахтликлар клуби  Андре Виллаш-Боаш шогирдларидан мағлуб бўлишди.

Ўйин давомида видеоҳакамлар икки голни бекор қилишди, 31-дақиқада Товен парижликлар ҳимоясидаги хатоларни жазолади ва бу гол ўйинда ягоналигини сақлаб қолди. «Марсель» ниҳоят 20-ўйинда «ПСЖ»ни мағлуб этди. Шу рақамларнинг ўзи ҳам шов-шувли тарзда муҳокама қилинган бўларди, агар майдон марказида бошланган муштлашувлар бўлмаганида.

Паредес бошлаб берди
Одатдагидек барчаси арзимас воқеадан бошланди. Аммо бундай ўйинларда ёнғин бошланиши учун учқун чақнаши етарли бўлади. Ўйин охирида мағлубиятдан қутулиб қолишга ҳаракат қилаётган парижликлар Паредесга ишлатилган қўполликдан кейин тўпни жарима зарбасидан ўйинга киритишга шошилишди. Бу вазиятда Бенедетто вақтни чўзиш учун тўпни аргентиналик ватандошига бермади, Паредес эса ундан тўпни олишга уринди. Меҳмонлар форварди яна вақтни чўзишга қарор қилди ва майдон бўйлаб юмалай бошлади.

Ҳакам бу ҳолат учун Паредесга иккинчи сариқни кўрсатишига сабаб йўқ эди. Лекин воқеа жойига майдондаги барча футболчилар тўпланди, «Марсель»нинг яна бир футболчиси майдонга ётди. Бунинг учун рақиб футболчисининг салгина тегиб қўйиши етарли эди. Шундан сўнг кенг миқёсли жанговар ҳаракатлар бошланиб кетди. Бир томонда футболчилар бир бирини урар, бошқа томонда кимдир кимнидир бўғар, яна бир томонда ҳарбий жанг санъати усуллари қўлланарди.

Неймарнинг қасоси
Ушбу зиддиятнинг энг фаол иштирокчилари — парижликлар ҳимоячиси Курзава ва марселликлар аъзоси Амави бўлишди. Ҳакам уларнинг иккисига ҳам тўғридан тўғри қизил карточка кўрсатди. Бенедетто ва Паредес иккинчи огоҳлантириш учун майдондан четлатилди. Видеоҳакамларнинг хабаридан сўнг бош ҳакам видеоёзувларни кўриб чиқиши Неймарнинг четлатилиши билан якунланди. Видеода бразилиялик футболчи рақиб футболчиси Альваро Гонсалеснинг бошига ортдан зарба бергани маълум бўлди.

Футболчи бу ҳаракати сабаби сифатида испаниялик футболчи томонидан ирқчилик қилинганини айтди. «Мен уни ирқчилик қилгани учун урдим», — деди Неймар захира ҳакамига майдонни тарк этаётиб. Бразилиялик футболчининг сўзларига кўра, рақиб уни «қора» деб атаган, кейинроқ Гонсалес «ПСЖ»нинг яна бир футболчисига нисбатан ирқчилик руҳидаги сўзлар ишлатгани маълум қилинди. Хусусан, Telefoot канали хабарига кўра, испаниялик футболчи ўйиннинг 50-дақиқасида огоҳлантирилганида рақибига қараб шундай деган: «Оғзингни юм, қора маймун».

Ҳакам ҳуштаги янграганидан кейин «Марсель» бош мураббийи Андре Виллаш-Боаш ўз футболчиларини ҳимоя қилишга уринди ва Гонсалес айбдор эмаслиги ҳақида гапирди. Goal.com нашрининг хабар қилишича, португалиялик мутахассис Ди Мария марселлик футболчилардан бирига тупурганига эътибор қаратишга уринган. Шу билан бирга, Виллаш-Боаш футболда ирқчиликка ўрин йўқлигини қайд этиб ўтган. «Агар шундай бўлган бўлса, бу жиддий масала, аммо мен бундай бўлган деб ўйламайман», — дея мураббийдан иқтибос келтирган RMC Sport.

Нима бўлмасин бу можаро ҳали давом этади.

Ўйиндан кейинги фикрлар
Неймар кийим алмаштириш хонасидан туриб шундай твит ёзди: «Алам қиладигани, бу ярамас билан бирга бир қолдиришмагани».

Кейинроқ у давом этди: «Сен эркак эмассан, ўз хатоингни тан ололмайсан. Мағлубият – спортнинг бир қисми. Аммо ҳақорат ва ирқчиликчи? Йўқ, мен бунга қаршиман. Мен сени ҳурмат қилмайман! Сенда характер йўқ! Нима деганингни тан ол… Эркак бўл! Ирқчи», — дея ёзди у твиттерида.

Лекин у жиддий дисквалификациядан қочиб қутула олмаслиги аниқ.

Гонсалес ҳам жим турмади. У қора танли жамоадошлари даврасида тушган суратини интернетга жойлади ва шундай изоҳ қолдирди: «Бу ерда ирқчиликка ўрин йўқ... баъзида мағлубиятни майдонда қабул қилиш ва бунга ўрганиш керак».

«ПСЖ» спорт директори Леонардо ўйиндан кейин берган интервьюсида барчаси учун ҳакам Жером Брисарни айбдор қилди: «Тушунмадим, нима учун бу даражадаги ўйинга Клеман Тюрпен ёки Руди Букени тайинлашган. Бу арбитрда муҳим ўйинларда ҳакамлик қилиш тажрибаси йўқ, у Европа Лигасида фақат бир ўйинни бошқарган».

Дарвоқе, Брисарнинг Европа Лигасида ишлаган ўйини ўтган мавсумда «Хетафе» ва «Базель» ўртасида кечган, ўша ўйинда футболчиларга 11 сариқ ва 1 қизил карточка кўрсатилган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар