O'zbek Ўзбекча
Еврофутбол қайтмоқда: Англияда азалий рақиблар тўқнашуви, Испанияда дерби, Францияда «ПСЖ» - «Марсель», Россияда «Спартак» ЦСКАга қарши
Шанба, 12 Сентябр
8015

Қарийб бир ойлик танаффусдан кейин Европа миллий чемпионатлари орасида энг катта аудиторияга эга Англия Премьер-лигаси ва Испания Ла Лигаси ўйинлари старт олмоқда. Бугун, 12 сентябрь кунидан АПЛ ва Примера мухлислари яна ТВ қаршисига қайтишади. Tribuna.uz ушбу «уик-энд»да кутилаётган бир қатор эътиборли қарама-қаршиликлар превьюсини тақдим этади.

АПЛ: «Лондон дербиси», «Ливерпуль» - «Лидс», Моуриньо Анчелоттига қарши

Туманли Альбионда мавсумнинг старти Манчестер клубларисиз бошланса-да, дастлабки тур доирасида интригалар етарлича. Чемпионатнинг илк ўйини - «Лондон дербиси». «Арсенал» «Крейвен Коттеж»да «Фулҳэм»га қарши майдонга тушади. Ҳа, ўша британча анъаналарни сақлаб қолган, далаҳовлилар орасидаги мўъжазгина стадионда ўтади бу тўқнашув. АПЛни соғиниб қолган дебютант клуб яқинда Англия Суперкубогини қўлга киритган Микель Артета жамоасига қарши жиддий қаршилик кўрсатиши кутилмоқда. Футбол кунини ушбу тўқнашувни томоша қилиш билан бошлаймиз.

Ёки олайлик, Юрген Клопп бошчилигидаги «Ливерпуль»нинг Марсело Бьелсанинг «Лидс»ига қарши азалий рақибларнинг баҳси зерикарли бўлиши мумкинми? Асло йўқ. Премьер-лигадаги бу қарама-қаршиликни 16 йилдан буён кутганлар бор.

Трансфер ойнасида фаол бўлган «Эвертон» Лондонда «Тоттенҳэм» синовидан қандай ўтиши ҳам барчага қизиқ бўлади. Ҳар ҳолда Анчелотти ва Моуриньонинг бир неча йиллик ҳисоб-китоби бор. Қолаверса, ўтган мавсум топ тўртликда бўлган «Лестер» ва «Челси»нинг мавсумни қандай бошлаши барча учун қизиқ бўлиши шубҳасиз. Айниқса, трансфер ойнасида катта харажатларга қўл урган Лэмпарднинг чемпионлик учун курашдаги дастлабки имкониятлари кўрина бошлайди.

Англия Премьер-лигаси. 1-тур

12 сентябрь (шанба)

16:30. Фулҳэм – Арсенал

ТВ-трансляция: FutbolTV

19:00. Вест Ҳэм - Ньюкасл

19:00. Кристал Пэлас - Саутҳемптон

21:30. Ливерпуль - Лидс

ТВ-трансляция: FutbolTV

13 сентябрь (якшанба)

18:00. Вест Бромвич – Лестер

ТВ-трансляция: FutbolTV

20:30. Тоттенҳэм – Эвертон

ТВ-трансляция: UzReportTV

14 сентябрь (душанба)

23:55. Брайтон – Челси

ТВ-трансляция: FutbolTV

23:55. Шеффилд Юнайтед - Вулверҳэмптон

Қолдирилган. Бернли - Манчестер Юнайтед

Қолдирилган. Манчестер Сити - Астон Вилла

Испания: «Валенсия дербиси» ва бошқа ўйинлар

АПЛ билан бир кунда Ла Лига карвони ҳам йўлга отланади. Испанияда ҳам еврокубоклардаги иштироки учун қўшимча таътил берилгани сабабли «Реал», «Барселона», «Атлетико» ва «Севилья» сингари грандлар иштирокидаги ўйинлар дастлабки тур доирасидан бошқа санага кўчирилган. Шунга қарамай, Ла Лигада жанговар ўтиши кутилаётган дерби бор – «Валенсия» «Леванте»га қарши!

Бу клублар ўртасидаги сўнгги учрашувлар томошабоп ўтмоқда. Ҳозирда қийин кунларни ўтказаётган «Валенсия»нинг ҳолатидан принципиал рақиби «Леванте» фойдаланиб қолиши ҳеч гап эмас. Шунингдек, «Вильярреал», «Атлетик» ва дебютант клубларнинг дебюти қандай чиқиши мухлислар эътиборида бўлади.

Испания Ла Лигаси. 1-тур

12 сентябрь (шанба)

19:00. Эйбар - Сельта

21:30. Гранада - Атлетик

23:55. Кадис - Осасуна

13 сентябрь (якшанба)

17:00. Алавес - Бетис

19:00. Вальядолид – Реал Сосьедад

21:30. Вильярреал – Уэска

ТВ-трансляция: FutbolTV

23:55. Валенсия - Леванте

ТВ-трансляция: FutbolTV

Қолдирилган. Атлетико - Севилья

Қолдирилган. Барселона - Эльче

Қолдирилган. Реал – Хетафе.

Франция: «Марсель» муаммолар гирдобидаги «ПСЖ»ни мағлуб эта оладими?

Франциянинг амалдаги чемпиони «Пари Сен-Жермен» коронавирусдан жиддий зарар кўрмоқда. Неймар, Ди Мария, Паредес, Икарди, Навас, Маркиньосдан кейин Мбаппе ҳам инфекция юқтириб олгани жамоага ҳам ўз таъсирини ўтказмай қўймаяпти. Париж клуби ўтган турда сафарда лига дебютанти «Ланс»га ютқазиб қўйди. Аксига олиб бу турда ҳам Тухель жамоаси жиддий қарама-қаршиликда майдонга тушади. «ПСЖ» азалий рақиби «Марсел»ни қабул қилади. Бу баҳсда ҳам етакчиларнинг сафга қайтиши сўроқ остида. Марселликлар ЕЧЛ финалчисининг ҳозирги муаммоларидан фойдаланиб қолиш илинжида бўлишлари аниқ.

Франция чемпионати. 3-тур

11 сентябрь (жума)

Бордо – Лион 0:0

12 сентябрь (шанба)

Монпелье - Ницца

Сент-Этьен - Страсбур

13 сентябрь (якшанба)

Лилль - Мец

Анжер - Реймс

Дижон - Брест

Лорьян - Ланс

Ним - Ренн

Монако - Нант

ПСЖ – Марсель. 23:55

РПЛ: ЦСКА - «Спартак», Элдор Шомуродов Жасур Жалолиддиновга қарши

Россия Премьер-лигаси 7-туридан ўрин олган марказий учрашув ЦСКА ва «Спартак» ўртасида кечади. Бу сафарги «Москва дербиси»га 14 очко жамғарган «Спартак» турнир пешқадами сифатида етиб келган бўлса, тўрт очко кам йиққан ЦСКА 5-ўринда етиб келди. Бу ўйин армиячилар учун асосий рақиблари билан орадаги фарқни қисқартириш имкониятини берса, «Спартак»ка орадаги фарқни ошириш билан бирга пешқадамликни давом эттириш учун зарур.

Ушбу ўйинда ўзбекистонлик яримҳимоячи Остон Ўрунов асосий таркибда майдонга тушиши мумкин. Сабаби бош мураббий Тедеско майдон марказидаги яримҳимоячиларнинг жароҳати сабаб муаммоларга эга.

Шунингдек, турнинг сўнгги ўйини - «Ростов» ва «Локомотив» тўқнашуви ҳам ўзбекистонлик мухлислар эътиборида бўлиши аниқ. Элдор Шомуродов Жасур Жалолиддиновга қарши майдонга тушиши мумкин. Дам олиш кунлардан кейин душанба кунги бу учрашув ҳам кўришга ва мухлислик қилишга арзигулик ўйин.

Россия Премьер-лигаси. 7-тур.

12 сентябрь (шанба)

15:45. Тамбов – Уфа

18:30. Урал - Химки

21:00. Ахмат - Сочи

13 сентябрь (якшанба)

18:30. Динамо - Рубин

21:00. ЦСКА - Спартак

21:00. Ротор - Краснодар

14 сентябрь (душанба)

20:30. Зенит - Арсенал

22:30. Ростов – Локомотив.

Усмон Ибодов тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар