O'zbek Ўзбекча
«Роналду билан ўйинидан кейин иқтидоримизни йўқотгандик». Сергей Лушчан «Динамо», Жалолиддинов ва Шомуродовнинг гол ура олмаётгани ҳақида
Пайшанба, 10 Сентябр
11166

 Футболчилик фаолиятидан кейин 10 йилдан ортиқ вақт давомида «Бунёдкор» академияси ва жамоасида фаолият олиб борган, мамлакатимиздаги бир қатор иқтидорли футболчиларни катта футболга олиб чиқишда Сергей Лушчаннинг ҳиссаси катта. Ўтган йиллар давомида Суперлигада «Бунёдкор» ва «Сўғдиёна» клубларини бошқарган мутахассис ҳозирда Про лига иштирокчиси «Динамо» жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият олиб бормоқда. Самарқанд клубида ҳам ёш футболчилар билан клубни Суперлигага олиб чиқишни мақсад қилган мураббий Tribuna.uz сайтига интервью бериб, «Бунёдкор»даги фаолияти, Жасур Жалолиддиновнинг академияга қабул қилиниши, Элдор Шомуродовнинг гол ура олмаётгани ва бир қатор саволларимизга жавоб берди.

«Динамо»нинг таклифи менга ҳаммасидан кўра қизиқарлироқ туюлди»

- Сергей Иванович, «Динамо» варианти қандай пайдо бўлганди?

- Ҳаммаси оддий. «Динамо» клуби раҳбариятидан таклиф тушгач, гаплашдик. Клуб Суперлигага чиқишни мақсад қилган. «Динамо»нинг таклифи менга ҳаммасидан кўра қизиқарлироқ туюлди. Чунки раҳбарият клуб олдига жиддий вазифаларни қўйган. Болалар футболидан катталар футболчигача. Олдимда яна 1-2та таклиф бор эди, аммо пандемия сабабли режаларим ўзгариб кетганди. Қолаверса, охирги пайтларда мураббийлик ишимни ҳам соғиниб қолгандим. Мураббийлик фаолиятига қайтишни жуда ҳам истагандим.

- «Динамо»нинг ўйинларидан кейин ноодатий ёндашувга гувоҳ бўлаяпмиз – учрашув тугагани ҳамоноқ чарчоққа қарамай, жамоа футболчилари билан яна машғулот ўтказаётганингиз нима билан боғлиқ?

- Охирги бир ярим ой ичида биз жамоа яратиш устида иш бошлаб, ҳали охиригача шакллантира олмадик. Футболчилар бир-бирини охиригача тушуна олишаётгани йўқ. Шунга қарамай, улар асосий кўрсатма ва талабларимизни бажара олишмоқда. Бугун ҳам оддий вазиятдаги хато туфайли гол ўтказиб юбордик. Шундай хатоларни машғулотлар орқали йўқота олсак, олдимиздаги вазифани уддалаш имконияти бўлади. Бизда ишлов бериш учун материал бор, бу жамоа. Умид қиламанки, яна 3-4 турдан кейин биз ўйин мазмунига эга жамоа пайдо бўлади. Ўйиндан кейинги машғулотлар эса жамоа эртасига бемалол дам олиши учун.

- Қўл остингизда йиғилган таркибдан қанчалик қониқдингиз?

- Биз таклиф қила олмай қолган футболчилар бор, аммо шунга қарамай нолисам гуноҳ бўлади. Биз учун энг фойдали бўлгани бу – Про лига ўйинларида катта танаффус юзага келгани бўлди. Орада таркибни жамлаб, имконқадар дам олишсиз ишлашга ҳаракат қилдик. Агар танаффус бўлмай, мен «Динамо»га келганимнинг 3-кунидаёқ ўйинларимиз бошланса, нима бўлишини тасаввур қилишга ҳам қўрқаман. Чунки ўшанда жамоа таркибининг ярмини ҳаттоки фамилиясини билмасдим. Ҳозирга келиб жамоа билан имконқадар ишладик. Қўл остимда юқори савияли ўйин намойиш этишга қодир бўлган яхши футболчилар жамланган. Айни дамда бизга натижа керак. Ҳозирча натижадан келиб чиқиб, ўйин кўрсатамиз.

- Ўзингиз истаган футболчиларни «Динамо»га таклиф эта олдингизми? Трансфер режаларингиз неча фоизга амалга ошди?

- Биласизми, бу йилги вазифалардан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, чақирмоқчи бўлган футболчиларим орасидан икки ўйинчини таклиф этишнинг иложи бўлмади. Аммо таркиб борасида режаларимнинг 80 фоизи амалга ошди, дея оламан, 20 % эса йўқ. Чунки давралар оралиғида шартномаси бор футболчиларни чақириш қийин масала. Табиийки, мен ўзим яхши билган футболчиларни таклиф этгандим. Бундан ташқари, «Динамо»га келиб қўл остимда ўйнамоқчи бўлган футболчилар ҳам бор, аммо уларнинг ҳам ҳозирги клублари билан ўзаро шартномалари бор. Ҳаммаси яхши бўлса, уларни кейинги мавсумда чақиришим мумкин. Чунки менга ёқмайдигани, ҳозирги жамоамда ҳам ижарада ўйнаётган талайгина футболчилар бор. Уларни жамоа сифатида шакллантирганимдан кейин йил охирида қўйиб юбориш кераклиги менга алам қилади. Бу нарса мени кўпроқ ташвишлантиради.

- Бир ярим ойдан буён «Динамо»ни шакллантираяпсиз. Айтингчи, айнан қайси позиция сизни ҳалигача кўпроқ ташвишлантиради?

- Ҳужумкор яримҳимоячилар. Чунки улар ҳали мен талаб қилаётган ишни тўлиқ тушуна олганларича йўқ. Бу чизиқдаги футболчиларга Худо томонидан берилган иқтидор ҳам бўлиши керак. Ўйиндан-ўйинга изланишда давом этамиз. Қўл остимдаги 25 нафар футболчи мен учун асосий таркиб. Исталган пайт ротацияга қўл уришим мумкин. Келган вақтимдаёқ айтганман, яқин йилларда таркибнинг 80-90 фоизи самарқандлик маҳаллий ёшлардан иборат бўлиши керак. Албатта, ҳаммаси натижаларимиз қандай кўриниш олишига боғлиқ.

«Роналду у билан майдонда бирга ўйнагач, ёш иқтидорни масхарабозга айлантиришди»

- Кўп йиллар «Бунёдкор» академиясини бошқардингиз, академия тарбияланувчилари сафидан Осиё чемпионлари чиқди, аксарияти легионерга айланди ва бугун миллий жамоада ҳам тўп сурмоқда. Айтингчи, «Динамо» бош мураббийига айлангач, Самарқандда болалар футболини ривожлантириш бўйича ҳомийлар ва раҳбариятга ўз тавсияларингиз ёки дастурингизни бердингизми?

- Албатта, бу борада раҳбарият билан гаплашганмиз. Клуб алоҳида, академия алоҳида эмас, ҳаммамиз битта қозонда қайнашимиз керак. Шунда натижа бўлади. Аммо ҳаммаси кўрсатаётган клубдаги натижаларимизга боғлиқ. Мақсадимиз сари олға боришда давом этсак, академия борасидаги ишларимиз ҳам юришади. Чунки футболда ёшлар энг катта куч. Айнан ёшларга ишониш орқали вилоят футболи ҳам, клуб ҳам ўзи кўзлаган натижаларга эришиши мумкин. Ўшанда ҳам академиядаги ўсмир ва ёшларни тарбиялашда қатъий интизомга ҳам амал қилиниши керак. Акс ҳолда зўр деб билган иқтидорингиз ҳам ҳаттоки Про лига даражасида ҳам ўйнай олмаслиги мумкин.

Сизга бир воқеани айтиб бераман. «Бунёдкор» академиясидаги фаолиятимда қўл остимда андижонлик ажойиб иқтидор бор эди. Фамилияси эсимда йўқ, исми Шоҳжаҳон эди.

- Криштиану Роналду Тошкентга келганида бирга «жонглёр» ўйнаган болами?

- Худди ўша.

- Шоҳжаҳон Ҳасанов. У ҳозир қаерда?

- Айнан шу савол менга ҳам қизиқ. У ҳозир қаердалигини умуман билмайман. Аслида эса ундан умидим катта эди. Биласизми, унинг иқтидорли эканлиги биринчи ўйинидаёқ, ҳаракатларидан сезиларди. Ўша болани ўсиб-улғайиши ва яхши футболчи бўлиб етишиши учун ҳаммадан яширишга ҳаракат қилардик. Айниқса, Криштиану Роналду Тошкентга келгач, Шоҳжаҳон у билан майдонда бирга ўйнагач, ёш иқтидорни масхарабозга айлантиришди. Академиядаги ишим ўша болани атрофдагилардан асраш бўлиб қолганди. Айримлар билан муштлашишгача ҳам борганман. Ҳали униси келади тадбирга олиб кетади, ҳали буниси қўнғироқ қилиб банкетга таклиф қилади, яна биттаси келиб қўймай тўйга судраб кетади, бошқаси кечга туғилган кунга. Бўлажак футболчини шоумен ва клоунга айлантириб қўйишганди. Роналду билан учрашмаганида балки биз бугун яна бир кучли футболчига эга бўлармидик... Чунки у билан ўйнаганидан кейин иқтидорли футболчимизни йўқотгандик. Ўсмир бола ҳали бунақа машҳурликка умуман тайёр эмасди. Сен футболни танладингми, академия тарбияланувчилари сингари фақат футбол ҳақида ўйлашинг керак. Ёшликдаги ҳавасларга учдингми, тамом сен футболда ҳеч нарсага эриша олмайсан. Афсуски яхши футболчи бўлиши керак бўлган иқтидорли йигитни тадбирбозликлар синдириб қўйганди.

Жасур Жалолиддинов, Бахтиёр Зайнутдинов ва Элдор Шомуродов ҳақида

- Яқинда «Локомотив»га ўтган Жасур Жалолиддиновни ёш бўлишига қарамай академияга сиз таклиф қилган экансиз...

- Ёдимда, Жасур Жалолиддиновни академияга мураббий Дима Ким олиб келганди. У Тошкентда яшамасди. Аммо ўша пайтда «Бунёдкор» академиясига яшаб таҳсил олиш учун 14 ёшдан катталар қабул қилинар, Жасур эса ҳали 10 ёшга ҳам кирмаганди, адашмасам. Бироқ Жасурнинг иқтидори ҳам шундоқ кўзга ташланарди. Ушбу масалада ЎФА собиқ президенти марҳум Мираброр Усмонов катта ёрдам берган. Мираброр Зуфаровичга Жалолиддиновни академияда олиб қолиш бўйича мурожаат қилганимда дарҳол рухсат берган. Умуман олганда Зуфарововичнинг академия фаолиятига боғлиқ ёрдами жуда катта эди. Исталган масалада қабулига кирсам, ҳал қилиб берарди. Якунда Жасурни академиямизга қабул қилгандик. Унинг ўйини ва жисмоний ҳолати бироз яхшиланса, кифоя эди. Жасурда Худо томонидан берилган иқтидор бор.

- Яқинда «Ростов»дан ЦСКАга ўтган қозоғистонлик Бахтиёр Зайнутдинов «Бунёдкор»даги фаолиятингиз давомида қўл остингизда бир ҳафта тўп сурган экан. Уни нега олиб қолмагансиз?

- Уни олиб қолиш учун анча ҳаракат қилгандик. У Қозоғистондан Тошкентга келиб, биз билан бир ҳафта давомида машғулот ўтказганди. Аммо «Бунёдкор» академиясига яшаб, таҳсил олиши учун фақат ўзбекистонликлар қабул қилинар, Бахтиёр эса қозоғистонлик эди. Шунга қарамай, Зайнутдиновни академияга қабул қилиниши учун ҳужжатларини тайёрлагандик, аммо уни олиб қолишнинг иложи бўлмаганди. Бу футболчининг ҳам иқтидори бор эди, шу сабаб уни олиб қолишга интилганмиз. Бахтиёрнинг «Ростов» ва ЦСКАдаги муваффақиятлари бежизга эмас.

- Элдор Шомуродов шогирдларингиздан бири саналади. Уни «Бунёдкор»га олиб келгансиз, ёшлар жамоасида ҳам қўл остингизда тўп сурган. Миллий жамоамиз ҳужумчиси «Ростов» сафида сўнгги марта февраль ойида гол урганди. Элдорнинг гол урмай қўйгани нима билан боғлиқ?

- Бундан фожиа ясамаслик керак. Элдор ҳозиргидек ўйнашда давом этса ҳали гол уради. Унинг асосий таркибдан тушмаётгани ҳам бежизга эмас. Одатда, қўл остимдаги ҳужумчиларга ўтмишнинг ажойиб голеадори Олег Блохин билан бўлган воқеани айтиб бераман. Европанинг энг яхши футболчиси бўлган Блохин ҳам орада гол урмай қўйганига кўпчилик «Блохин энди аввалгидек бўлолмайди, у ҳужумчи эмас» қабилида гапира бошлаган. Мураббий Валерий Лобановский эса Блохинга бақирмаган, сўкмаган, шунчаки уни бўш дарвозага тинмай гол уриш билан шуғуллантирган. Бу эса катта ўйинларда иш берган. Элдордаги ҳужумчиларга хос иқтидор ва гол уриш қобилияти ҳеч қаерга йўқолмайди. Ҳар бир футболчида учрайдиган ҳолат Элдорнинг ҳам бошидан ўтаяпти. Бундан ортиқча ташвишланмай, у ўз ўйинини кўрсатиб жамоанинг фойдаси учун тўп суришда давом этса, голларнинг ўзи тез орада келади. Қолаверса, футболчи ўзи ҳақида оммада салбий нарса ёзилганда ҳам эътибор бермаслиги, қўлини туширмаслиги лозим. Шомуродов Ўзбекистоннинг энг кучли форвардларидан бири, у тез орада яна гол ура бошлашига ҳеч қандай шубҳам йўқ.

Усмон Ибодов суҳбатлашди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар