O'zbek Ўзбекча
Про лига икки минтақага бўлинган ҳолда давом эттирилади. Ўйинлар UzReportTV ва Futbol TV орқали намойиш этилиши режалаштирилган
Душанба, 10 Август
2638

Ўзбекистон профессионал футбол лигаси коронавирус пандемияси шароитида Про лига учрашувларининг янги санаси ва ўтказиш форматини қайтадан кўриб чиққан.

Эндиликда Про лига баҳслари маълум муддат икки минтақа – «жануб» ва «шимол»га бўлинган ҳолда ўтказилиши режалаштирилган. Унга кўра, «жануб» гуруҳидан «Динамо», «Шўртан», «Хоразм» ва «Зомин» жой олса, «шимол»дан «Нефтчи», «Турон», «Истиқлол» ва «Оқтепа» клублари ўрин олади.

«Жануб» минтақасидаги ўйинлар Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззахда ўтказилса, «шимол» гуруҳи ўйинлари Фарғонада ташкил қилинади. Бу форматга биноан ҳеч бир клуб ўз уйида майдонга тушмайди, барча жамоалар нейтрал майдонда тўп суриши режалаштирилмоқда.

ПФЛ камида кейинги бешта тур учрашувларини шу формат асосида ўтказиб, имконқадар барча ўйинларни UzReportTV ва Futbol TV орқали намойиш этишни режалаштирмоқда. Учрашувлар 16 август кунидан давом эттирилиши ва жамоалар ҳар уч кунда майдонга тушиши кутилмоқда. Сентябрь ойида коронавирус ҳолати бўйича вазият қандай эканлиги инобатга олиниб, чемпионат аввалги ҳолига қайтиши мумкин.

Маълумот учун, Про лига баҳслари 15 июль кунги 3-турдан кейин вақтинчалик тўхтатиб қўйилган эди. Энди ўйинлар Суперлига учрашувлари билан параллель равишда давом эттирилади. 

ПФЛ тез орада Про лига баҳсларининг янгиланган тақвимини эълон қилиши кутилмоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар