O'zbek Ўзбекча
«Локомотив» уч нафар футболчи билан хайрлашди
Душанба, 10 Август
6797

Бугун, 10 август кунидан бошлаб Суперлига ва Про лига клублари учун ёзги трансфер ойнаси расман очилди.

Тошкентнинг “Локомотив” клуби расмий сайтининг эълон қилишича, трансфер ойнасининг биринчи кунида уч нафар футболчи Тошкент клубини тарк этган.

“Дарвозабон Игнатий Нестеров, ҳимоячи Даврон Ҳошимов ҳамда яримҳимоячи Ойбек Қиличев клуб билан хайрлашди. 
Тажрибали посбон Игнатий Нестеров “темирйўлчилар” таркибига 2014 йил келиб қўшилганди. У дастлабки беш мавсум жамоамиз шарафини ҳимоя қилиб уч бор Ўзбекистон чемпиони, уч бор Ўзбекистон Кубоги соҳиби, бир марта Ўзбекистон Суперкубоги соҳиби каби совринларни қўлга киритди. Шунингдек, 2016 йил жамоамизнинг Осиё чемпионлар лигаси чорак финалга қадар боришида муносиб ҳисса қўшди. 
Ўтган йилнинг маълум бир қисмини Саудия Арабистонининг “Уҳод” клубида ўтказган Нестеров шундан сўнг яна “Локо”га қайтиб Суперлига охирги бешта турида “темирйўлчилар” дарвозасини ҳимоя қилди. Нестеров бу йилги мавсумни ҳам “Локо” сафида бошлади ва жамоа сардори сифатида футболчиларни майдонга бошлаб чиқди. Лекин ёзги трансфер ойнаси пайти у жамоа алмаштиришга қарор қилди ва бу ниятини “Локомотив” ПФК раҳбарияти дарвозабон хоҳиш-истагидан келиб чиққан ҳолда қўллаб-қувватлади. Натижада ҳар икки томон розилиги билан Игнатий Нестеров шартномаси бекор қилиниб, моҳир дарвозабон эркин агент сифатида жамоамизни тарк этди”, - дейилади клуб хабарида.

Маълумот учун, Игнатий Нестеров ва Ойбек Қиличев Навоийнинг “Қизилқум” клуби сафига бориб қўшилган бўлса, Даврон Ҳошимов ҳам яқин орада ушбу жамоа таркибидан ўрин олиши кутилмоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар