O'zbek Ўзбекча
«Ливерпуль»да янги ҳимоячи, Санчо сериали давом этади. 10 август трансфер янгиликлари
Душанба, 10 Август
7185

Tribuna.uz куннинг асосий трансфер янгиликларини тақдим этади.

«Манчестер Юнайтед»га ўтиши кутилаётган Жейдон Санчо бугун жамоадошлари билан Швейцарияга, мавсумолди йиғинлари учун жўнаб кетди. Аввалроқ «Боруссия» агар 10 августгача трансфер амалга ошмаса, клуб футболчини сотмаслигини айтганди. Аммо трансфер оламидаги машҳур инсайдерлардан бири Фабрицио Романонинг айтишича, бундай трансферлар осон ҳал бўлмайди ва ҳали инглизларда имконият бор. Эд Вудворд эса, энг бошида, «Боруссия» ушбу санани дедлайн сифатида маълум қилганида аччиқланган ва ҳақиқий дедлайн октярбда экан, қолган ҳамма муддатлар сунъий эканини айтганди. (Манба: Manchester Evening News)

Лео Месси отасининг ортидан ўзи ҳам «Интер» бош қароргоҳи қаршисидаги бинодан уй сотиб олгани ҳақида хабарлар тарқалди. La Gazzetta dello Sport анчадан бери Месси келажагини «Интер» билан боғлаши мавзусига урғу бериб келади. Энди Sport Mediaset ҳам бу мавзуга эътибор қаратмоқда. Бу масалада кўп нарса Мессининг «Барселона» билан шартномасини узайтириш ёки узайтирмаслик қарорига боғлиқ. Агар Месси янги шартнома имзолашдан бош тортса, Suning ва «Интер» юриш қилишга шай. Миш-мишларга қараганда, Suning аллақачон Мессини «Интер»га олиб келишни моддий қўллаб-қувватлашга тайёр ҳомийларни топиб қўйган. (Манба: Sport Mediaset)

Эртага «Гент» ҳужумчиси Жонатан Дэвид Францияда тиббий кўрикдан ўтади. 20 ёшли футболчи шундан сўнг «Лилль» аъзоси сифатида расман таништирилади. Дэвиднинг трансфер суммаси 32 миллион еврони ташкил қилди. Беш йиллик шартнома имзолаётган ҳужумчи яқинда «Наполи»га сотиб юборилган Виктор Осимхоннинг ўрнини босиши кутилмоқда. (Манба: La Voix du Nord)

«Зенит» таянч яримҳимоячиси Вильмар Барриос учун Англиянинг икки жамоаси – «Ньюкасл» ва «Арсенал» даъвогарлик қилмоқда. «Ньюкасл» аллақачон таклиф ҳам юборган ва колумбиялик футболчи учун 17 миллион евро тўлашга рози. Аммо руслар 26 ёшли футболчи учун кўпроқ пул ишлаб олишмоқчи. Барриос ўтган мавсумда 26 ўйинда майдонга тушиб, 1 гол урган. (Манба: Jeunesfooteux)

«Ливерпуль»нинг ўнг қанот вингери Ҳарри Уилсон эса биратўла уч жамоа – «Саутҳэмптон», «Лидс» ва «Ньюкасл» эътиборига тушди. Ливерпулликлар 23 ёшли футболчини ушбу трансфер ойнасида сотиб юборишни режалаштирмоқда, аммо бунинг учун камида 20 миллион фунт таклиф бўлиши керак. Ўтган мавсумда ҳужумчи «Борнмут»да ижара асосида ўйнади ва 31 ўйинда 7 гол урди. Маълумки, Эдди Ҳау жамоаси АПЛни тарк этди ва Уилсон энди бу жамоада қолишига ишониш қийин. (Манба: Daily Mail)

«Вильярреал» 19 ёшли Такефусо Кубони бир йилга ижарага олганини расман маълум қилди. «Реал»нинг япониялик футболчиси ўтган мавсумни ижара асосида «Мальорка»да ўтказганди. (Манба: клуб расмий сайти)

«Челси «Брайтон» марказий ҳимоячиси Бен Уайт учун курашга қўшилди. Ўтган мавсумни ижара асосида Чемпионшипда «Лидс» таркибида ўтказган футболчи билан «Ливерпуль» ҳам қизиқаётгани ҳақида хабарлар бор. «Брайтон» Уайт учун 20 миллион фунтдан кам пулга рози бўлмоқчи эмас. (Манба: Daily Mail)

«Борнмут»нинг етакчи ҳужумчиси Жошуа Кинг билан ҳам бир қатор клублар қизиқмоқда. Жумладан, «ПСЖ», «Лацио» ва «Рома»дан ташқари, Англия клублари ҳам 28 ёшли футболчини ўз таркибларида кўришни истайди. Ўтган мавсумда Кинг 26 ўйинда майдонга тушиб, 6 гол урган ва 4 ассистни амалга оширган. Қишда Кинг ўзи тарбия топган «Манчестер Юнайтед»га қайтиши ҳам мумкин эди, аммо сўнгги паллада Одион Игало варианти тезроқ ҳал бўлиб кетган. (Манба: Sun Sport)

Костас Цимикас учун курашда «Ливерпуль»га мағлуб бўлган «Наполи» энди «Реал» вакили ҳисобланган Серхио Регилонга қизиқиш билдирмоқда. Неаполликлар мураббийларни қониқтирмай қўйган Фаузи Ғуломнинг ўрнига футболчи ахтаришяпти. 23 ёшли Регилонга шунингдек, «Челси» ва «Эвертон» ҳам харидор. Регилон сўнгги мавсумда «Севилья»да ижара асосида ўтказди ва анча муваффақиятли ўйинлар кўрсатди. (Манба: La Gazzetta dello Sport)

«Ливерпуль» расмий сайтида «Олимпиакос»дан чап қанот ҳимоячиси Константинос Цимикасни трансфер қилгани ҳақида эълон қилди. 24 ёшли грек футболчиси мерсисайдликлар билан узоқ муддатли шартнома тузган, аниқ муддати келтирилмаган. Янги жамоасида Цимикас 21-рақам остида тўп суради. Трансфер қиймати ҳам маълум қилинмаган, аммо аввалроқ ОАВда Клопп жамоаси ушбу футболчи учун 13 млн евро тўлаши хабар қилинганди. Цимикас «Олимпиакос» тарбияланувчиси ҳисобланади. Якунланган мавсумда у Греция чемпионатининг 20 ўйинида майдонга тушиб, 5 гол урган ва 4та сариқ карточка ишлаган. Аввалроқ ушбу литерал учун «Наполи» ва «Локомотив» клублари даъвогар экани айтилганди. (Манба: Melissa Reddy)

«Болонья» марказий ҳимоячи Александр Драгович юзасидан «Байер» билан музокараларга киришди. Австриялик футболчининг немислар билан шартномаси бир йилдан сўнг ниҳоясига етади, шунинг учун унинг шу ёзда сотилиши клуби учун фойдалироқ. Ўтган мавсумда 29 ёшли футболчи Бундеслигада 15 ўйинда қатнашди. (Манба: La Gazzetta dello Sport)

«Брешиа»нинг собиқ ҳужумчиси Марио Балотелли яна ўзига янги клуб изламоқда ва бу сафарги манзил Туркия бўлиши мумкин. Жанжалкаш италияликни «Бешиктош» ўз сафида кўрмоқчи. Раҳбарият билан келишмовчилик туфайли «Брешиа» машғулотларидан четлатилган 29 ёшли футболчига турклар йилига 2,5 миллион евро маош таклиф қилишяпти. Турли бонуслардан ташқари. (Манба: Nicolo Schira)

«Манчестер Юнайтед»нинг 19 ёшли марказий яримҳимоячиси Алиу Траоре катта эҳтимол билан фаолиятини Лига 2’да давом эттиради. «Канн» клуби манчестерликлар билан ижара шартномаси асосида келишувга эришишга яқин. Траоре ҳали «Юнайтед» таркибида дебют қилмаган, фақат U-23 таркиби ўйинларида майдонга тушган, холос. (Манба: Ouest-France)

«Кристал Пэлас» юлдузи Уилфрид Заа фаолиятни «Арсенал»да давом эттириши эҳтимоли юқори. Заа инстаграмдаги саҳифасида чиқиш қилиб, айнан шу клубга ўтаётганига ишора қилди. Уилфрид Заа ўтган мавсумда жамоаси таркибида барча ўйинларда майдонга тушиб, 4 гол урган ва 5 голга ҳаммуаллифлик қилган. 27 ёшли вингер «Манчестер Юнайтед» тарбияланувчиси ҳисобланади. (Манба: Заа инстаграми)

«Вильярреал» олдин ҳам хабар берилганидек, «Валенсия»нинг икки яримҳимоячисини қўлга киритмоқда. «Сариқлар» Дани Парехо ва Френсис Коклен учун атиги 20 миллион евро тўлаяпти, холос. Клубда мавжуд бўлган иқтисодий инқироз «Валенсия»нинг шундай мажбурий қарорларга боришига сабаб бўлиб қолаётгани айтилганди. (Манба: Hector Gomez)

«Челси» ҳимоячиси Итан Ампаду келаси мавсумни «Фулҳэм» таркибида ўтказишга яқин. АПЛга янги қўшилган «Фулҳэм» 19 ёшли футболчини бир йиллик ижара асосида сўрамоқда. Ўтган мавсумни ушбу уэльслик футболчи «РБ Лейпциг» сафида ўтказди ва 7 ўйинда майдонга тушди. (Манба: The Athletic)

«Барселона» «Манчестер Сити»дан яримҳимоячи Бернарду Силвани сотиб олмоқчи. Каталонияликлар португалиялик футболчига жамоадаги муҳим ўринни топширишга тайёр. Клуб Сильванинг тўлиқ трансферини сотиб олиш учун етарли маблағга эга эмас, шунинг учун келишувга Нелсон Семедуни ҳам қўшишмоқчи. Кўпчиликка маълумки, Пеп Гвардиола қанот ҳимоячиларини коллекция қилишни жуда яхши кўради. (Манба: The Telegraph).

Теглар

Ўхшаш янгиликлар