O'zbek Ўзбекча
«Галактикос эмас, Мостолеслик». Икерсиз қолаётган футбол
Душанба, 10 Август
4613

Икер Касильяс футболчилик фаолиятини тугатганини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқ орқали буни билдирар экан, дарвозабон жуда таъсирли мактубни ҳам илова қилди:

«Муҳими – сен юраётган йўл, атрофингда сени ўраб турган инсонлардир, якуний натижа эмас. Аминманки, бу ажойиб тарзда якунига етган ажойиб сафар бўлди».

Ўзининг таҳсинга лойиқ фаолияти давомида 39 ёшли Касильяс йигирмадан ортиқ совринга эга бўлди, улар орасида Жаҳон кубоги, иккита Европа чемпионлиги, учта Чемпионлар лигаси кубоги ва бешта Испания чемпионлиги бор. У «Реал»да ўтказган ўйинлар сони бўйича (725) Раулдан кейинги ўринни, миллий жамоада эса (167) Серхио Рамосдан кейинги ўринни эгаллаб турибди. Афсона.

Қуйида Икер Касильяс билан боғлиқ бир қатор ходисалар эсланган. Уларнинг ҳар бири дарвозабоннинг ҳам инсоний фазилатларини намоён қилади.

Бильбао йўлидаги башорат

Шундай афсоналар юрадики, Икернинг бундай муваффақиятларига Бильбаодан Мадридга унинг онаси билан бирга учган бир фолбин сабаб бўлганмиш... Ҳомиладорликнинг сўнгги ойларида бўлган онага у аёл: «Ўғлинг жуда машҳур футболчи бўлиб етишади, фақат бунинг учун унга баскча исм қўйишинг керак», дейди. Шундай қилиб, туғилган болага Баскониядаги энг машҳур исм – Икер исми қўйилади.

Табиийки, бундай афсоналар машҳур инсонлар ҳақида кўп юради, уларга ишониш шарт эмас, аммо қизиғи, Икер Касильяс «Реал» таркибидаги дебют учрашувини айнан Бильбаода, «Атлетик»ка қарши ўтказганди.

ЖАР майдонларидаги қаҳрамонлик

ЖАРда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Испания миллий жамоасини асосан каталонияликлар чемпион қилган, деган фикрлар кўп айтилади. Қайсидир маънода бу тўғри ҳам: Андрес Иньеста, Хави ва Бускетсларнинг ўша ғалабада хиссалари жуда катта эди.

Шу билан бирга, бошқа футболчиларнинг ҳам хизматлари пастга урилмаслиги керак, масалан Икер Касильяснинг Парагвай миллий жамоасига қарши ўйинда пенальтин қайтариши чемпионликка сабаблардан бири эди.

Ёки унинг финал ўйинидаги қаҳрамонликларини эслаш мумкин. Арьен Роббеннинг яккама-якка чиқиб, вазиятдан фойдалана олмай, бошини ушлаб қолган ҳолати ҳалигача футбол мухлисларининг кўз ўнгида. Ҳа, Иньеста ҳал қилувчи голни урган бўлиши мумкин, аммо ўша голгача «тирик» етиб боришда дарвозабоннинг хизматлари катта бўлганди.

Малагадаги камситиш

Жозе Моуриньо – Икернинг Мадридни тарк этиши жараёнини бошлаб берган мураббий. Португалиялик мутахассисдан сўнг, Икер ўзининг юқори даражасига қайта олмади.

Икердаги пасайиш «Валенсия»га қарши кубок ўйинидаги жароҳати билан боғланса-да, аслида мураббий ва дарвозабон ўртасидаги зиддият олдинроқ бошланганди. Балки Икер у қадар қурғондек бўлмагандир сўнгги пайтларда, аммо ўз дарвозабонини қувватлаш ўрнига Моуриньо Малагадаги матбуот анжуманида: «Антонио Адан Касильясдан яхшироқ» деб юборганди.

Лекин Икер мураббий билан жанжаллашиб, ишни давом эттиришни Мадрид афсонаси сифатида ўзига эп кўрмади. Аслида бу зиддиятда сўнгги йилини ўтказаётган мураббий ютадими ёки кўп йиллик ёқимтой Икерми, номаълум эди, аммо у вақтинчалик захира дарвозабон бўлишга ҳам индамай рози бўлди.

Ўзгаларни тан олиш

Жозедан кейин Мадридга Карло Анчелотти келди ва дарвозабонлар ўртасида ишни тақсимлади – Диего Лопес Примерада ўйнайди, Икер Касильяс эса Чемпионлар лигасида. Финал ўйинида ҳам табиийки, Икер асосий таркибда тушди, аммо биринчи таймда унинг хатоси «Атлетико»нинг ҳисобни очишига олиб келди.

Ва ўйин тугашига сониялар қолганда Серхио Рамос ҳисобни тенглаштириб, ҳаммани қутқариб қолгач, Икер унинг олдига югуриб борди – «Ҳақиқий босс сенсан. Десима – бу сенинг ғалабанг».

Фақат ўз ютуқларига эгалик қилиш

«Порту» сўнгги чемпионлигини нишонлаётган пайтда футболчилар ва штаб орасида Касильясни топиш қийин эди. У бир четда турар ва шунчаки, жамоадошларининг қувончларини томоша қиларди.

Клуб телеканали журналисти унинг ёнига келиб, нега бошқалар билан бирга эмаслигини сўраганда, Икер жавоб берди:

«Мен бу мавсумда ўйнай олмадим. Ғалабани ҳақиқий қаҳрамонлар нишонлашса, чиройлироқ».

Бироз ўтиб футболчилар Касильясни ўз олдиларига чорладилар, лекин дарвозабон Португалия чемпионати қоидалари кўра, медаль ололмасди, у мавсум давомида майдонга тушмаганди.

Галактикос эмас, Мостолеслик

У ҳақидаги барча ҳикояларда бир умумийлик бор – Икернинг камтарлиги. Шу қадар буюк футболчи бўлатуриб, мана шундай бўлиб қолгани уни шахсият сифатида ҳам буюклаштиради.

Флорентино Переснинг илк йилларида, «Реал» галактикосга айлантирилиб, Роналдодан тортиб, Фигу, Зидан, Бекҳэмлар сотиб олинганда ҳам Икер ўзини ноқулай ҳис қиларди. Ундан кўпинча афсоналар билан бирга ўйнаш, галактикоснинг бир парчаси бўлиш қандай эканини сўрашганда, камтарлик билан жавоб берарди: «Мен Галактикос эмасман, мен Мостолесданман».

Мостолес – Икернинг туғилган юрти, Мадрид яқинидаги шаҳарча. 2012 йилда Мостолес мэри Спорт кўчасини Касильяс номи билан аташ таклифи билан чиқди ва ҳукумат бу қарорни қувватлади.

Миллионлар қўриқчиси

Касильяснинг таъсирли мактуби Marca журналистларидан бирининг эътиборидан четда қолмади ва дарвозабон ҳақида ўз ҳиссиётлари билан ўртоқлашди.

«Икер Касильяс!

Ўнг бутсасидан чиқиб турган пайпоғи билан бутун Испаниянинг нафасини тўхтатиб қўйганди.

Эсимизда...

Роббен ўзининг машҳур ваҳшиёна тезлиги билан дарвозабон қаршисига келаётганди. Анъаналар юрти бўлган Испания ўзи билган барча «худолар»га илтижо қилишни бошлади. Балки Арьен ҳам шундай қилгандир.

Бир пайт қаердандир фаришта пайдо бўлди.

Баъзида шундай бўлиб туради.

Икер Касильяс.

Эслаймиз...

Шарҳловчи дудуқланиб қолди: «Бунга ишониш қийин...» Аммо бу чин эди. Биз ҳам ҳайрат, ҳам қўрқув билан кузатар, чунки Испания бундай ўйинларда ютқазишига ўрганиб қолгандик. Роббен ҳал қилувчи зарбага тайёрланар, бу иш нидерландиялик учун оддий юмуш эди.

Роббенда вариантлар ҳам кўп эди. Аммо Икер имкон қадар кўпроқ зонани ёпишга уринди ва ўзини чап томонга ташлади. Ўнг оёғини эса, тўпнинг йўлига тўғаноқ қилишни унутмади, айнан ўша тарафга зарба берилганди. Тўп дарвозага етиб бормади.

Икки сонияда Испанияда янги «авлиё» пайдо бўлди.

Жаҳон кубоги Иньестанинг голи ва Икернинг халоскорлигидан иборат. Балки биз ўша сонияларни кўп таҳлил қилмагандирмиз, унутиб юборгандирмиз, чунки кўчада футбол ўйнаётиб, аксариятимиз зарба беришга уринамиз, уни қайтаришга эмас.

Лекин кечаги куни буни эслаш учун айни муддао эди. Кеча Икер футболдан кетаётганини эълон қилди. Яна шунчаки эслаш керакки, қачонлардир, 9 ёшида «Реал» академиясига келган болакай Испаниянинг рамзига айланди... У футболдан афсона ва имконсиз вазиятларда қутқарувчи бўлган дарвозабон сифатида кетмоқда. Ниҳоят у бизга муъжизаларга ишонишни ўргатганди.

Икерни доим ва ҳамма яхши кўрган. Бутун фаолиятини Мадридда ўтказган бўлса-да... Бу қизиқ. Аммо у шунақа.

«Мен Галактико эмасман». Мен Мостолесликман».

Теглар

Ўхшаш янгиликлар