O'zbek Ўзбекча
«Зенит» - Россия Суперкубоги соҳиби
Жума, 07 Август
5912

Россия Премьер-лигаси янги мавсуми старти олдидан мамлакат Суперкубоги доирасида «Зенит» ҳамда «Локомотив» клублари ўзаро майдонга тушишди.

Шу куни питерликлар сафида янги футболчи Деян Ловрен майдонга туширилган бўлса, «Локомотив»нинг ўзбекистонлик янги хариди Жасур Жалолиддинов ўйин қайдномасига ҳам киритилмади.

Москвада ўтган учрашувнинг 14-дақиқасида Санкт-Петербург клуби сардори Артём Дзюбанинг бош билан йўлланган зарбасидан кейин ҳисоб очилди – 1:0.

Иккинчи бўлимнинг 69-дақиқасида эса Магомед Оздоев жарима майдони ташқарисидан йўлланган ажойиб зарбаси билан ҳаттоки «темирйўлчилар» посбони Гильермени ҳам томошабинга айлантириб қўйди – 2:0.

Голдан кейин ҳужумкорликни оширган «Локо» ўйинчилари 72-дақиқада Чорлуканинг голи эвазига ҳисобни қисқартирган бўлишса-да, якунда Сергей Семак шогирдлари муҳим ғалабани сақлаб қолишди – 2:1.

Ўтган мавсум якунларига кўра Россия чемпионлиги, кубоги ғолиби бўлган «Зенит» Россия Суперкубогида ҳам ғалаба қозониб, мамлакатнинг тенгсиз жамоаси эканлигини яна бир карра намойиш этди.

7 август (жума)
Россия Суперкубоги. Москва

Зенит – Локомотив 2:1

Голлар: 1:0 – 14 Дзюба, 2:0 – 69 Оздоев, 2:1 – 72 Чорлука.
Зенит – Кержаков, Ловрен, Дуглас Сантос, Ракицкий, Караваев, Барриос, Оздоев (Ерохин, 88), Малком (Мостовой, 81), Азмун (Ригони, 90), Дзюба (Жирков, 81), Дриусси (Мусаев, 88).
Локомотив – Гильерме, Рибус, Магкеев (Жемалетдинов, 69), Чорлука, Игнатьев, Миранчук (Рибчинский, 81), Баринов, Миранчук, Криховяк, Серкейра, Эдер (Смолов, 62).

Ўхшаш янгиликлар