O'zbek Ўзбекча
Ферран Торрес. У Гвардиоланинг янги жавоҳири бўладими?
Пайшанба, 06 Август
5204

«Манчестер Сити» Ферран Торреснинг трансферини якунига етказди ва «Валенсия»нинг ҳисоб рақамига 23 миллион евро келиб тушди. Яна 12 миллион турли бонуслар сифатида тўлаб берилади, шартнома муддати эса, 2025 йилгача.

Торрес – «Манчестер Сити» таркибида «Валенсия»дан келиб қўшилган тарихдаги иккинчи футболчидир. Бир пайтлар худди шу йўналишда, энди Манчестер Ситининг афсоналаридан бирига айланган Давид Сильва ҳам келганди. Афсуски, бу икки футболчи бирга тўп сура олмайди, Торрес «шаҳарликлар» таркибига янги мавсумдан, Чемпионлар Лигаси тугаганидан кейин келиб қўшилади. Сильва эса бу пайтда Манчестерни тарк этган бўлади.

Ферран Торрес – «Манчестер Сити» либосини киядиган 15-испан футболчиси. Шу пайтгача, Риера, Гарридо, Посо, Маффео, Негредо, Родри, Сильва, Нолито, Анхелиньо, Навас каби таниқли испаниялик футболчилар жамоада тўп сурганди.

Нега арзон?

Торрес «Манчестер Сити» учун жуда арзонга тушди, деб бемалол айтиш мумкин. Ҳатто пандемия давридаги кризисни ҳисобга олган тақдирда ҳам, 45 миллион евро – нисбатан жуда кам.

Аслида эса, пандемиядан олдинги даврда ҳам «Валенсия» кўпроқ пулдан умид қилиши қийин эди.

Биринчидан, Ферраннинг 100 миллион евро миқдоридаги товон пули белгиланган шартномаси бир йилдан кейин якунига етади. Бу омил испанларнинг талабларини анча чеклаб қўйгани турган гап. Бу ёзда футболчи сотилмаса, кейин умуман текинга кетиб қолиши мумкин.

Иккинчидан, «Манчестер Сити» келишувга «Гранада»да ижара асосида тўп сураётган Янхел Эррерани ҳам қўшди. Эррера «Сити» футболчиси ҳисобланади ва Ла Лигада яхши ўйнаётган бу футболчини тўлиқ сотиб олишга тайёр клублар турганида, «Валенсия»га енгиллик берилиши ҳам Торрес трансферига ёрдам берди.

«Реал» ва «Барселона» қаерга қарашди?

Агар бир испаниялик иқтидорни қўлга киритиш учун «Реал» ва «Барселона» ҳаракат қилмаса, демак, ё адашиб қўлдан чиқариб юборилган ёки футболчи у даражада кучли эмас, деган хулоса автоматик тарзда пайдо бўлади. 

Торрес эътиборсиз қолиши мумкин эмасди, зеро у барчанинг кўз ўнгида ўсиб борди, ҳатто «Барселона»га қарши ғалабали ўйинда голли узатма муаллифи ҳам бўлган. Кўпроқ, грандлар Торрес мисолида яқин йиллардаги ёрқин юлдузни кўришмаяпти, деган вариантга ишониш мумкин.

Агар у ўйин борасида Родриго, Кубо ёки Винисиусдан кучлироқ экани яққол кўринганида, табиийки, янги мавсумни «Сантьяго Бернабеу»да бошлаган бўларди. Ёки Педри, Фати ва Тринкаудан кўра иқтидорлироқ ҳисоблашганда, «Барселона» совчи қўйган бўларди.

Унинг «Валенсия»да ҳам ҳатто, асосий таркибга кира олмаётгани эса, «Реал» ва «Барселона» учун асосли сабаб.

Гвардиола нега унга эътибор қаратди?

Аввало айтиш керакки, Торрес «Манчестер Сити»га Давид Сильвага ўринбосар сифатида келгани йўқ – умуман, бу икки футболчи ўртасида ўхшашликни топиш қийин. Торрес жароҳатидан қутулиб, ўтган йилги орзуси -«Бавария»га таркибига қўшилишни руёбга чиқарган Лерой Саненинг ўрнига келмоқда.

Шунингдек, Торреснинг универсаллиги, яъни ҳар икки қанотда ҳам бирдек фойдали бўла олиши керак бўлганда Раҳим Стерлингга дам бериш имкониятини беради. Стерлинг Гвардиола жамоасида жуда муҳим фигурага айланган, уни ҳаддан ташқари кўп ўйнатиш ҳам, муҳим ўйинларга панд бериши мумкин эди.

Ферранда яққол билинадиган фазилатлари бор – масалан «Валенсия»даги сўнгги мавсумда у ҳаммадан кўп муваффақиятли дриблинг (54) қилди ва яққол хавфли вазиятлар яратиш бўйича жамоада 2-кўрсаткични (9) қайд этди.

Бу кўрсаткичларга у асосий таркиб футболчиси бўлмай туриб, шунингдек, Гедеш, Черишевнинг жароҳатлари, Солернинг пасайиш рўй берган, яъни, «Валенсия» муаммолар гирдобида қолган мавсумда эришгани шуни кўрсатадики, Торрес Пепнинг механизми ичида тез ўсиб боради. Қанотларда ҳам, иккинчи ҳужумчи сифатида ҳам тўп сура оладиган футболчи Манчестерда ривожланиш учун катта қадамлар ташлашига шубҳа йўқ.

Буни Торреснинг ўзи ҳам яхши тушунади – «Манчестер Сити» каби ҳужумкор жамоага ўтаётганимдан хурсандман. Айниқса, рақиб жарима майдони яқинидаги фаоллик Гвардиола футболида менга жуда ёқади. Тезроқ шу жараённинг ичида бўлишни сабрсизлик билан кутяпман», деди у.

Табиийки, Ферраннинг ўйини фақат қанотларда югуриб, ҳимоячиларни жалб қилиб юриш билан чекланмайди, у шунингдек, очиқ зоналарда ҳам жуда хавфли ва чуқур ҳимояланадиган ҳимояга қарши ҳам самарали тўп сура олади.

«Манчестер Сити»нинг ташаббускор ўйини Торресга «Валенсия»нинг прагматик футболидан ҳам кўра кўпроқ мос келади. Бундай шароитда у ўз фазилатларни яхшигина кўпайтириши мумкин.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар