O'zbek Ўзбекча
«Барселона» президенти: «Лаутаро ва Неймарнинг трансферига имкониятимиз йўқ – биз 200 млн евро йўқотдик»
Якшанба, 02 Август
4389

«Барселона» клуби президенти Хосеп Мария Бартомеунинг айтишича, коронавирус пандемияси туфайли юзага келган молиявий йўқотишлар сабаб клуб «Интер» ҳужумчиси Лаутаро Мартинес ва «ПСЖ» форварди Неймарнинг трансферидан воз кечган.

«Биз сўнгги бир неча ҳафта давомида «Интер» раҳбарияти билан Лаутаронинг трансфери масаласида музокаралар олиб бордик, аммо ўзаро розилик билан музокараларни тўхтатиб туришга қарор қилдик. Юзага келган ҳозирги вазият катта трансферлар учун маблағ тўлай олишимизга тўсқинлик қилади. 

Неймарнинг трансфери? Ҳозирги ҳолатда бунинг иложи йўқ. «ПСЖ» уни сотишни истамайди. Клуб жаҳоннинг энг яхши футболчиларидан бирини қўйиб юборишни истамаслиги табиий ҳол. Биз ўтган мавсумда Неймарни қайтариш учун анча ҳаракат қилгандик, аммо бу йил ушбу масала кўрилгани ҳам йўқ.

«Барселона» мартдан июнь ойигача 200 миллион евро йўқотди. Биз кейинги мавсумда 1,1 миллиард евро ишлаб олмоқчи эдик, аммо ҳозирги шароитда даромадларимиз 30 фоизга қисқариши деярли аниқ. Вазият ўнгланмаса, барча режа ва лойиҳаларимизни қайтадан кўриб чиқишимизга тўғри келади.

Катта эҳтимол билан йирик трансферларга ҳозирча қўл ура олмаймиз. Менимча клублар ўртасида футболчиларни ўзаро алмашиш ҳолатлари ошади. Бу Европанинг барча йирик клубларига таалуқли. Бунга кўникишимиз керак. Мен бир йил ҳақида эмас, кейинги 3 ёки 4 йил ҳақида гапираяпман», - дея Бартомеунинг сўзларини келтирмоқда Sport.es.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар