O'zbek Ўзбекча
«Арсенал» – «Челси»: Мураббий сифатидаги илк соврин Артетага насиб қиладими ёки Лэмпардга?
Шанба, 01 Август
3185

Бугун Лондондаги «Уэмбли» стадионида ҳисоб бўйича 139-Англия кубоги финали доирасида «Арсенал» ҳамда «Челси» ўртасидаги тўқнашув кузатилади. 

Англиядаги футбол мавсуми мамлакат кубогининг янги эгасини аниқлаш орқали ниҳоясига етказилади. Ушбу баҳс Лондоннинг икки жамоаси мураббийлари учун ҳам қадри баланд. Зеро, айнан ушбу ўйин орқали Артета ёки Лэмпард мураббийлик фаолиятидаги илк совринга эга чиқади.

Анонс. 1 август (якшанба)
Англия кубоги. Финал

«Арсенал» - «Челси»

Ўйин бошланиш вақти: 21:30

ТВ-трансляция: Матч ТВ (Россия)

Соврин сари йўл

«Челси»

Кубок баҳсларидаги йўлни «Челси» Чемпионшипнинг икки вакилини мағлуб этиш орқали бошлаганди. «Ноттингем Форест» 2:0 ҳисобида мағлуб этилган бўлса, «Ҳалл Сити» 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратилган.

Кейинги босқичларда «аристократлар»нинг ўйинлари қийинлаша бошлаган. Нимчоракфиналда «Ливерпуль» тўхтатилган бўлса, чоракфиналда «Лестер» мағлуб этилди. Яримфиналда эса «Челси» «Уэмбли»да «Манчестер Юнайтед»ни (3:1) мусобақадан чиқариб юбориб, финалга йўлланма олди.

«Арсенал»

«Арсенал»нинг рақиблари эса яримфиналгача нисбатан номдор эмасди. Дастлабки босқичда АПЛга йўлланма олган «Лидс» мағлуб этилган бўлса, кейинги раундда «Борнмут» турнирдан чиқариб юборилди. Нимчоракфиналда «Портсмут» мағлуб этилган бўлса, чоракфиналда «Шеффилд Юнайтед» кубокни тарк этишига тўғри келди. Яримфиналда эса Микель Артета ўзининг устози Пеп Гвардиоланинг «Манчестер Сити» клуби устидан 2:0 ҳисобида зафар қучиб, финалгача етиб келди.

Фақат соврин эмас, еврокубок учун ҳам кураш

Унаи Эмери қўл остида мавсумни бошлаган «Арсенал» барча турнирларда ўз ўрнини йўқотиб бўлганди. Англия лига кубогида «Ливерпул»га мағлуб бўлиб турнирни тарк этган бўлса, чемпионатда ҳам муваффақиятсизликлар тўхтамаётган, Европа лигасида ҳам гуруҳ босқичидан зўрға плей-оффга чиқилганди.

Артета келгач вазият бироз ўнгланди, бироқ Англия Премьер-лигасида еврокубоклар учун йўлланма олишнинг имкони бўлмади.

Шунга қарамай, Англия кубоги орқали ҳам кейинги мавсум учун Европа лигасига чипта олишнинг иложи бор. Бунинг учун «Арсенал» Англия кубоги финалида «Челси»ни мағлуб этиши шарт бўлади. Финалда мағлубиятга учралса, «Арсенал» 1995 йилдан буён илк марта янги мавсум учун еврокубокларсиз қолади.

«Арсенал» - кубокдаги рекордчи

«Арсенал» клуби Англия кубогида энг кўп финалга чиққан икки жамоадан бири бўлиб турибди: «Арсенал» ва «МЮ» ушбу турнир тарихида энг кўп – 20 мартадан финалга йўлланма олган. Кубокдаги ғолиблик борасида эса «канонирлар»га етадиган жамоа йўқ – 20 марта финалда ўйнаган «тўпчилар» 13 маротиба Англия кубоги соҳибига айланган.

«Челси» эса ўз тарихида 13 марта Англия кубоги финалида ўйнаган бўлса, шулардан фақатгина 7тасида совринни боши узра кўтариш бахтига муяссар бўлган.

«Арсенал» ва «Челси»нинг финал учун тахминий таркиби:

Лэмпард: «Кубок «Арсенал»га муҳимроқ эканлиги ҳақида ўйламаймиз»

«Челси» бош мураббийи Фрэнк Лэмпард Англия Кубоги финалидан ўрин олган «Арсенал»га қарши баҳс олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Финал «Арсенал» учун оддий ўйиндан кўра юқори аҳамиятга эга эканлигини эшитдим. Бу гаплар мени хавотирга солмоқда. Бу – «Челси» учун ҳам жиддий баҳс.

Премьер-лигани кучли тўртликда якунлаш орқали нимадирга эришдик, деб ўйлайман. Бундан мамнунмиз, аммо у воқеа аллақачон ўтмишда қолди. «Челси» бўлажак ўйин «Арсенал» учун қанчалик муҳимлиги ҳақида ўйламайди. Ғалаба қозонишни истаймиз.

Мураббийликда учралган мағлубият футболчиликдаги мағлубиятдан кўра оғирроқ бўлади, чунки жавобгарлик юқорироқ. Аммо ғалаба ҳисси янада ёқимли», – деб Лэмпарднинг сўзларини келтиради BBC.

Артета: «Барча футболчилар мавсумни соврин билан якунламоқчи»

«Арсенал» бош мураббийи Микель Артета жамоа тўпурари Пьер-Эмерик Обамеянгнинг «Челси»га қарши Англия кубоги финалидан кейин клубни тарк этиши ҳақидаги гапларни рад этди.

«Обамеянг Англия кубоги финалидан кейин жамоамизни тарк этади, деб ўйламайман. Унинг «Арсенал» билан яна бир йиллик шартномаси борлигини унутиб қўйишмоқда. Биз уни ўз сафимизда олиб қолиб, узоқ йиллик шартнома таклиф қилишни режалаштирганмиз. У ҳозир қаерда тўп сураётганлигинидан фахрланади деб ўйлайман.

Финалдаги ғалаба биз учун жуда муҳим. Мухлисларимиз сингари, барча футболчилар ҳам мавсумни юқори нотада - совринни бошлари узра кўтариб якунлашни мақсад қилишган», - дея Артетанинг сўзларини келтирмоқда Goal нашри.

Ўхшаш янгиликлар