O'zbek Ўзбекча
«Ҳоффенхайм» — «Бавария» ўйини нега икки марта тўхтаб қолди?
Шанба, 29 Феврал
10566

Германия бундеслигаси 24-туридан ўрин олган «Ҳоффенхайм» ҳамда «Бавария» жамоалари ўртасидаги ўйин 6:0 ҳисобида мюнхенликлар фойдасига якунланди. Учрашув иккинчи бўлимда икки марта тўхтатилди ва охирги 10 дақиқада жамоалар тўпни шунчаки бир-бирларига ошириб ўтиришди.

Аввалига 66-дақиқада ўйин тўхтатилди. Чунки «Бавария» мухлислари жойлашган меҳмонлар секторида «Ҳоффенхайм» раҳбарига қаратилган таҳдидли баннер пайдо бўлди. Баннерда рақиб мухлислари ҳам ҳақорат қилинганди. Бу вазиятни кўрган хавфсизлик ходимлари тезда ўйинни тўхтатишди. Ғазабланган «Бавария» мураббийи Флик мюнхенлик мухлисларнинг олдига бориб уларни тинчлантиришга уринди.

69-дақиқада ҳакам ўйинни давом эттирди, аммо баннерлар пастламай қўшимчасига питардалар ҳам ёқилди. 78-дақиқада ҳакам ўйинни яна тўхтатди. Шундан кейин «Бавария» раҳбарияти, клуб афсоналари мухлисларни тинчланишга чорлади, аммо «Бавария» мухлислари тинчланишмади.

Ўйиннинг охирги 10 дақиқасида футболчилар футбол ўйнашмади, шунчаки тўпни бир-бирларига оширишди. Ҳакам ўйинга вақт ҳам қўшиб бермади ва 90-дақиқада учрашувни якунлади. Бу ҳолатдан кейин «Бавария» жазоланиши кутилмоқда.

Ўхшаш янгиликлар