O'zbek Ўзбекча
Миллий жамоамиз собиқ футболчиси ўзбек клубига мағлуб бўлгач, бир ойдаёқ Қозоғистон клуби бош мураббийлигидан ҳайдалди. Аслида нима бўлганди?
Пайшанба, 27 Феврал
12595

Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ футболчиси Владимир Маминов 14 январь куни Қозоғистоннинг беш карра чемпиони «Ақтўбе» клуби бош мураббийи этиб тайинлаганди. Аммо орадан ропа-роса бир ой ўтиб, 14 февраль куни «Ақтўбе» Туркиядаги йиғин доирасидаги ўртоқлик учрашувида Навоийнинг «Қизилқум» клубига мағлуб бўлгач (1:2), учрашувнинг эртасигаёқ қозоқ клуби бошқаруви раиси Артур Смагулов Туркияга етиб келиб, Владимир Маминовни клубдан ҳайдади. Хўш, аслида нима бўлганди? Қуйида Tribuna.uz мухбири воқеалар ривожини кузатиб, миллий жамоамиз собиқ футболчисининг тақдирига қизиқди.

 Гейнрих билан бирга қуйи лигага тушиб кетган чемпион жамоа

Яқин йилларгача Европа Чемпионлар лигаси ва Европа лигаси саралаш босқичларида қатнашиб юрган Қозоғистоннинг «Ақтўбе» клуби ҳозирга келиб қийин дамларни бошдан ўтказмоқда. 2019 йилги мавсумда жамоанинг бир қатор футболчилардан қарздорлик ҳолатини бартараф этмагани учун ФИФАнинг қарорига кўра, «Ақтўбе»дан 12 очко олиб ташланди. Охир-оқибат клуб инқироздан чиқа олмади ва 2019 йилги мавсум якунига кўра, Қозоғистон Премьер-лигасида сўнгги 12-ўринни эгаллаб, ўз тарихида илк марта қуйи лигага равона бўлди.

Натижада клуб муассиси саналмиш Ақтўбе вилояти ҳокимияти қарорига кўра, жамоа раҳбарияти тўлиқ таркибда истеъфога чиқарилди. Шу жумладан, жамоа бошлиғи лавозимида фаолият юритаётган ҳамюртимиз Александр Гейнрих ҳам клубни тарк этишга мажбур бўлди.

 Янги раҳбарият ва Маминовнинг тайинланиши

2019 йил якунида Ақтўбе вилояти ҳокими Ундасин Ўрозалин клубни ўз назоратига олганлигини маълум қилиб, клуб бошқарув раиси сифатида ҳокимият структурасидаги ёш кадрлардан бири Артур Смагуловни тайинлади. Клуб бош менежери сифатида сербиялик Горан Велькович иш бошлаган бўлса, орадан икки ҳафта ўтиб, 14 январь куни бош мураббий сифатида Владимир Маминов тайинланди.

Раҳбарият ва мураббийлар олдига янги мавсум олдидан таркибни шакллантириш, хориж йиғинини пухта ўтказиб, «Ақтўбе»ни яна Премьер-лигага қайтариш вазифалари қўйилди.

Аммо жамоа таркибини Маминов бошқарувида эмас, у келганча шакллантириш бошланган эди. Клуб бошқарув раиси Артур Смагулов футболчи бўлишни истаган барча ҳаваскор ёшларни «Ақтўбе» машғулотларига кўрикка чақириб, таркибдан ўрин олганлар жамоа билан хориж йиғинига олиб борилишини маълум қилди. Раҳбариятнинг бу қарорига мураббийлар штаби аралаша олмади.

 5 миллион долларлик бюджет ва катта сарф-харажат

Натижада «Ақтўбе» Туркиядаги йиғинда жамоа раҳбарияти, мураббийлар штаби, персонал ва маъмуриятидан ташқари, 40 нафар футболчи билан йўл олди. Бу жуда кўп эди. Бош мураббийи Маминов якуний йиғинда қўл остидаги футболчиларидан ташқари ҳаваскорларни ҳам синаши талаб этиларди. Клуб Анталиядаги йиғиндан аввал Маминовнинг розилигисиз, бош менежер Горан Велькович таклифи билан қозоғистонлик аксарият футболчилар билан шартнома имзолашга ҳам улгурганди.

 Маълум бўлишича, сербиялик бош менежер Туркиядаги йиғин давомида меҳмонхона тўлови, транспорт, майдон ижараси ва клуб спорт либослари учун бозор нархидан анча кўп миқдордаги маблағни сарфлаган. Шунга қарамай, «Ақтўбе»нинг йиллик бюджети бунга йўл қўйган. Сабаби қуйи лигага тушиб кетган жамоа учун маҳаллий ҳокимият буюджети ҳисобидан анча кўп - йиллик 2 миллиард тенге, яъни 5 миллион АҚШ долларидан кўпроқ смета тасдиқланган. Ажабланарлиси, икки ҳафталик йиғин давомида катта харажатлар қилган сербиялик менежер клубда расмий мақомда фаолият олиб бормаган.

 «Қизилқум»га мағлубият ва Маминовнинг хайдалиши

Дастлабки йиғинни Маминов қўл остида ўтказган «Ақтўбе» тўрт ўйинда бир ғалаба, битта дуранг, икки мағлубиятга учради. 14 февралдан Туркиядаги иккинчи йиғинга киришган ақтўбеликлар Навоийнинг «Қизилқум» клубига қарши майдонга тушиб, мағлубиятга учради. Айнан ушбу ўйиндан кейин воқеалар ривожи ўзгариб кетди. Клуб бошқарув раиси Смагулов зудлик билан Туркияга етиб келиб, Маминовни клубдаги ишидан озод этди. Клуб расмий сайти эса бош мураббий истеъфога чиқарилгани ҳақида эмас, жамоанинг Туркиядаги йиғинини тарк этганлиги ҳақида эълон қилди.

 «У жамоани бошқара олмади» - клуб раҳбари мураббийнинг истеъфосини изоҳлади

Кўп ўтмай, Смагулов Маминовни нега жамоадан ҳайдаганлигини клуб расмий сайти орқали эълон қилди:

«Владимир Александровични жамоанинг Туркиядаги ўртоқлик ўйинида қайд этган қониқарсиз натижалари учун эмас, клубдаги ички ҳолат жуда ёмон эканлиги учун бўшатдик. Маҳаллий ўйинчилар ва бошқа футболчилар ўртасида зиддиятлар келиб чиқа бошлаганди. Жамоанинг ўйинида ҳам ўсиш кузатилмади. У жамоани бошқара олмади. Бунинг учун мураббий жавогар саналади. Клубга масъул шахс сифатида чора кўришга мажбур эдим. Бош мураббий билан бирга бош менежери Горан Велькович ҳам клубни тарк этди» - деган клуб раиси.

 «Клубдан кетганим йўқ» - Маминов истеъфони рад этмоқда

Ўз навбатида клуб бош мураббий кетганлигини эълон қилган бўлса-да, Владимир Маминов клубни расман тарк этмаганлигини айтади. Бу ҳақда унинг ўзи ёзиб олган видеоларида маълум қилган.

«Клуб раҳбари машғулот вақтига келиб, мени вазифамдан озод этганлигини оғзаки маълум қилди. Аммо истеъфога чиқарилишим ҳақида ҳеч қандай расмий хабарнома олганим йўқ. Машғулотларни жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий олиб бормоқда, мен ҳеч қаерга кетганим йўқ, иш жойимдаман. Раҳбарият майдонга чиқиб жамоа билан ишлашимга тўсқинлик қилмоқда. Улар футболчиларни менга қарши интервью беришга чақирмоқда» - дейди Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ футболчиси барча жараённи ўзи телефони орқали видеога муҳрлаб.

 «Биз сизни эмас, раҳбариятни эшитамиз – сиз мураббий эмассиз». Футболчилар Маминов билан машғулот ўтказишдан бош тортишди

Эътиборлиси, Маминовнинг видеоёзувларидан бирида футболчилар клуб раҳбарияти буйруғига асосан унинг қўл остида машғулот ўтказмасликларини айтишган.

Қуйидаги видеода шундай сўзларни эшитиш мумкин: «Сиз билан бирга машғулот ўтказмаслик ҳақида буйруқ беришди. Биз уни (Артур Смагулов) эшитамиз, сизни эмас. У сиздан каттароқ лавозимда, у клубда асосий шахс. Унинг буйруғи биз учун муҳимроқ. У сиз мураббий эмаслигингизни айтди» - дейди видеода футболчилардан бири.

 Барчаси қандай якунланди?

Қарийб бир ҳафта давом этган клубдаги можаролар Владимир Маминовнинг расман истеъфога чиқарилиши билан якунланди. Маълумотларга кўра, аксарият футболчилар чинданам бош мураббийнинг ишидан норози бўлишган. Улар машғулотларни жуда зерикарли ва фойдасиз деб билишган. Танқидлар ва «футбол одами» эмаслиги ҳақидаги гапларга қарамай, клуб бошқарув раиси Артур Смагулов ўз ишини давом эттирмоқда.

 Бугунга келиб Владимир Маминов ўрнига россиялик мутахассис Алексей Петрушин «Ақтўбе» бош мураббийи этиб тайинланди. У бунгача Қозоғистоннинг «Қайрат» ва «Ордабаси» клубларини бошқарган. Янги мураббий иш бошлагач, «Ақтўбе» бир қатор легионер футболчилар билан шартнома имзолаб, янги мавсумга тараддуд кўрмоқда. Ҳозирда яна ишсиз қолган миллий жамоамиз собиқ футболчиси Владимир Маминов эса қозоқ клубидан товон пули ундирилишни истамоқда.

 Усмон Ибодов тайёрлади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар