O'zbek Ўзбекча
Шота Арвеладзе: «Кетма-кет икки турни Тошкентда ўтказишимиз бизга устунлик бериши мумкин»
Якшанба, 09 Феврал
1724

Осиё чемпионлар лигаси 1-тури доирасидаги «Пахтакор» - «Шабоб Ал-Аҳли» ўртасидаги учрашувдан олдин матбуот анжумани ўтказилди. Дастлаб саволларга «Пахтакор» бош мураббийи Шота Арвеладзе ва жамоа сардори Егор Кримец жавоб беришди.

«Янги мавсум бошланиши билан барчани табриклайман. Кетма-кет икки турни Тошкентда ўтказишимиз бизга устунлик бериши мумкин. Бу мухлислар учун ҳам ёқимли бўлиши табиий. Гуруҳимиз кучли, ўйинларимиз ўзимиз учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам жуда муҳим. Ишқибозларни стадионга чорлаб қоламан, уларнинг қўллаб-қувватлашидан умидвормиз» - дея сўз бошлади Арвеладзе.

«Янги мавсумни бошлаяпмиз, мухлисларни стадионга келиб, бизни қўллаб-қувватлаб туришларини сўрайман. Уларнинг ишончини оқлашга интиламиз. Ўтган йилги хатолар устидан иш олиб бордик» - дейди Кримец.

Клуб олдига қандай вазифа қўйилгани ҳақидаги саволга Шота Арвеладзе қуйидагича жавоб берди:


«Олдимизга гуруҳдан чиқиш вазифаси қўйилган. Ҳозирги ҳолатимиз яхши, лекин яхши ҳолатга кириш учун камида 10та ўйин керак бўлади. Биз эса ҳозирча 4та ўртоқлик учрашувида майдонга тушдик. 

Рақиб жамоа? Рақибимиз ҳужумкор футбол кўрсатади. Таркибида яхши футболчилари бор. Чемпионатида яққол пешқадамлик қилмоқда. Барча ўйинчи эртанги беллашувда иштирок этишга шай ҳолатда туришибди. Айниқса, легионерлари кучли. Азиз Ғаниев ҳам улар сафига қўшилди.

Асосийси, биз ўз ўйинимиз – ҳужумкор футболни кўрсатишимиз керак. Қолгани ўйиннинг қандай кечишига боғлиқ.

Чемпионлар лигаси учун рўйхатга олиш якунланди, биз янги трансферларни режа қилаётганимиз йўқ» - деди жамоа устози.

Егор Кримец таркибдаги янги номдор футболчи Эрин Дердийўқ ҳақида фикр билдираркан, уни жамоага тез мослашганлигини айтди.

«Таркибимизга келиб қўшилган Дердийўқ жуда яхши инсон ва ўйинчи эканлигини кўрсатди. У сафимизга тез қўшилди. Вақт ўтиши билан жамоага яхшироқ киришиб кетади. Рақибдан бирор ўйинчини кўрсатиб ўтирмасдим. Жамоавий яхши ўйнашга интилишади. Биз ўз футболимизни кўрсатишимиз лозим» - дея фикр билдирди Кримец.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар