O'zbek Ўзбекча
Осиё чемпионати. Ўзбекистоннинг рақиби маълум, чорак финалнинг барча жуфтликлари билан танишинг
Пайшанба, 16 Январ
19143

Бугун, 16 январь куни Осиё чемпионати-U23 гуруҳ босқичига якун ясалди ва барча чорак финалчилар номи маълум бўлди.

«D» гуруҳида БАА – Иордания учрашувида дуранг натижа қайд этилди ва тўплар нисбатига кўра, БАА олимпия жамоаси 1-ўринни қўлга киритди, Иордания иккинчи ўринда қолди.

Параллел тарзда кечган Вьетнам – КХДР учрашувида кутилмаганда шимолий кореяликлар ғалаба қозонишди ва учта ўйинда ҳам дуранг ўйнаган Вьетнам учинчи ўрин билан кифояланди. 

Шу тариқа, чорак финалда БААга «C» гуруҳида иккинчи ўринни олган Ўзбекистон олимпиячилари рўбару келадиган бўлди, Иорданияни эса ўзбекистонликларнинг гуруҳдоши бўлган Жанубий Кореяга қарши ўйин кутмоқда.

Ўзбекистон олимпия жамоаси гуруҳ босқичида дастлаб Эрон билан дуранг ўйнади (1:1), кейин Хитой мағлуб этилди (2:0), учинчи турда Жанубий Кореяга ютқазган бўлсада (1:2), тўплар нисбатидаги фарқ эвазига Эрон олимпиячилари ортда қолдирилди ва Ўзбекистон вакиллари плей-оффга йўлланма олишди.

Чорак финал ўйинлари 18-19 январь кунлари бўлиб ўтади, ярим финал ўйинлари эса 22 январга белгиланган. Турнирда 2020 йилги Токио Олимпиадаси учун 3та йўлланма ўйналмоқда - финалга чиққан жамоалар ва учинчи ўрин учун ўйинда ғолиб бўладиган жамоа йўлланмага эга бўлади. Осиёга ажратилган тўртта квотадан бирини банд қилган Япония Таиландга иккинчи таркибда келди ва гуруҳ босқичидан чиқа олмади. Натижада, турнир ярим финалига чиқиш йўлланмани кафолатлай олмайдиган бўлди.

Осиё чемпионати (U-23).
3-тур. 16 январь (шанба)

БАА – Иордания – 1:1
Голлар:
Ал-Амири 41 - Иҳаб Али 79

Вьетнам – КХДР – 1:2
Голлар:
Нгуен Тиен Линг (16) - Буи Тиен Дунг (автогол), Ри Чунг-Гю

Чорак финалдаги барча жуфтликлар билан танишинг:

Осиё чемпионати (U-23). Чорак финал

18 январь (шанба). Бангкок

Австралия – Сурия

18 январь (шанба). Рангсит

Саудия Арабистони – Таиланд

19 январь (якшанба). Рангсит.

Жанубий Корея – Иордания

19 январь (якшанба). Бангкок.

БАА - Ўзбекистон 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар