Олимпиадада совриндор бўлган биринчи ва ягона эронлик аёл Кимё Ализода ватанини тарк этганини маълум қилди.
У бундай қарорга келишини Эрондаги режимнинг «адолатсизлиги» ва «иккиюзламачилиги» билан изоҳлаган.
«Мен Эрондаги миллионлаб мазлума аёллардан бириман, улар йиллардан буён аёлларни ўйинчоқ қилиб келмоқда», – деб ёзди 21 ёшли спортчи Instagram’даги саҳифасида.
У спортда эришган муваффақиятлари доим ҳокимиятдаги одамларнинг манфаатига ишлаганини таъкидлаган.
«Улар учун мен муҳим эмасдим. Ҳеч қайсимизнинг аҳамиятимиз йўқ, биздан восита ўлароқ фойдаланишади. Фақатгина биз қўлга киритадиган медалларгина керак», деган Ализода.
Таеквондочи 2016 йилги Рио Олимпиадасида -57 кг вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритиб, ўз ватани спортида янги саҳифа очган – олимпиада совриндори бўлган илк эронлик аёлга айланган эди.
У, шунингдек, 2014 йилги Нанкиндаги ёшлар Олимпиадасида олтин медалга сазовор бўлган. 2015 йилги жаҳон чемпионатида эса Лондон ва Рио олимпиадалари ғолиби Жейд Жонсни енгиб, бронза соҳиби бўлган. 2017 йилги жаҳон чемпионатида эса кумуш медални қўлга киритган, 2018 йили Осиё чемпионатида учинчи ўринни олганди.
Ализода Эронни тарк этаётгани ҳақидаги хабарлар форс медиасида ўтган ҳафта тарқалган эди. Эрон таэквондо федерацияси раҳбари Саид Муҳаммад Пуладгар маълум қилгандики, қиз «таътилининг бир қисмини хорижда ўтказишига» отаси ва мураббийини кўндирган.
Федерация раҳбари жума кунги баёнотида Кимё Ализоданинг мамлакатдан чиқиб кетиши замирида сиёсий мотивлар борлиги ҳақидаги гап-сўзларни рад этган эди.
Спортчининг сўзларига кўра, у «иккиюзламачилик, ёлғонлар, адолатсизлик ва тилёғламалик курсисида ўтириш» ва амалдаги режим «коррупция ва ёлғонлари»нинг иштирокчиси бўлишни хоҳламайди.
«Менга таэквондо, хавфсизлик ва бахтли ҳаётдан бошқа ҳеч нарса керак эмас», – деган Ализода.
У Европага кўчиб кетаётганини маълум қилиб, бундай қарорга келиш «Олимпиада олтин медалини қўлга киритишдан-да қийин»лигини айтган.
«Қаерда бўлсам ҳам, Эрон фарзанди бўлиб қолавераман», – дея қўшимча қилган у.
Маълумот учун, Олимпиада совриндорининг Эрондан бош олиб кетиши шанба куни Теҳронда бошланган намойишлар фонида рўй бермоқда.
8 январь куни бортида 176 киши бўлган Украина самолётининг хатолик туфайли уриб туширилиши ва Эрон ҳукумати буни уч кун ўтиб тан олгани ортидан мамлакат пойтахтида норозилик акциялари бошланиб кетди. Баъзилар Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаийдан истеъфо ҳам талаб қилмоқда.
Америка Миллий жамоатчилик радиосининг қўшимча қилишича, Кимё Ализода – сўнгги ойларда Эронни тарк этган ягона таниқли спортчи эмас. 2019 йил сентябрида дзюдо бўйича жаҳон чемпиони Саид Муллажаи Германияга кўчиб кетган, ОАВда эронлик расмийлар ундан Исроил вакилига тўқнаш келиб қолмаслик учун баҳсда ютқазишни талаб қилгани ҳақида гап-сўзлар тарқалган эди.
Декабрь ойида эса Эроннинг биринчи рақамли шахматчиси Алиризо Фирузжа бундан буён Эрон номидан дона сурмаслиги эълон қилди.
Ўтган йили, шунингдек, таниқли футбол ҳаками Алиризо Фағони Австралияга кўчиб кетган эди.