O'zbek Ўзбекча
Осиё чемпионати старт арафасида: Тақвим, гуруҳлар, стадионлар, VAR ва Таиланддаги турнир ҳақида
Чоршанба, 08 Январ
6605

Бугун, 8 январь кунидан бошлаб осиёлик футбол мухлисларининг диққат-эътибори Таиландга қаратилади. Ушбу мамлакатда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги ҳисоб бўйича 4-Осиё чемпионати бошланади. Қуйида Tribuna.uz турнирга оид энг муҳим маълумотларни тақдим этади.

 Ўзбекистон «ўлим гуруҳи»да

Қитъамизнинг энг кучли 16та жамоаси иштирок этадиган турнирда Токиода ўтадиган Олимпиада ўйинларига йўлланмалар ҳам ўйналади. Чемпионат якунига кўра, совринли ўринлар соҳиблари Токио-2020га йўл олади.

 Таиланддаги Осиё чемпионатига Ўзбекистон олимпия жамоаси амалдаги чемпион сифатида ташриф буюради. Ёдингизда бўлса, Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги вакилларимиз 2018 йил Хитойда ўтган U-23 Осиё чемпионатида қорли финалда Вьетнам устидан қийин ғалабага (2:1) эришиб, Осиё чемпионлигини қўлга киритишганди. Турнирга қуръа ташлангач, кўпчилик мутахассислар “ўлим гуруҳи”, дея айнан «С» гуруҳини кўрсатишган.

 «А» гуруҳи: Таиланд, Ироқ, Австралия, Баҳрайн
«B» гуруҳи: Қатар, Япония, Саудия Арабистони, Сурия
«C» гуруҳи: Ўзбекистон, Жанубий Корея, Эрон, Хитой
«D» гуруҳи: Вьетнам, КХДР, Иордания, БАА

 ТВ-трансляция

Миллий жамоаларимиз иштирокидаги йирик мусобақаларни трансляция қилиб борувчи «Спорт» телеканали Осиё чемпионати баҳсларини ҳам Ўзбекистонда намойиш этиш ҳуқуқини қўлга киритган. Телеканал техник ва ижодий гуруҳи турнирга жиддий тайёргарлик кўриб, нафақат Ўзбекистон олимпия жамоаси ўйинлари, балки турнирдаги барча учрашувларни “жонли эфир”да намойиш этишни режалаштирган.

 Ўйинларимиз тақвими

Қитъа чемпионати 8 январдан 26 январга қадар давом этади. Любинко Друлович бошчилигидаги Ўзбекистон U-23 олимпия жамоаси «C» гуруҳида Жанубий Корея, Эрон ва Хитой олимпия жамоаси билан беллашади.

 Ҳамюртларимиз 9 январь, пайшанба куни мусобақани Эрон олимпиячиларига қарши баҳс билан бошлашади. 2-турда Хитой рақиблик қилса, 3-турда Жанубий Кореяга қарши майдонга тушамиз.

 U-23 Осиё Чемпионати-2020.

1-тур. 9 январь (пайшанба)
Ўзбекистон – Эрон
Ўйин бошланиш вақти:
15:15
ТВ-трансляция: «Спорт» ТВ

 2-тур. 12 январь (якшанба)
Ўзбекистон – Хитой
Ўйин бошланиш вақти:
18:15
ТВ-трансляция: «Спорт» ТВ

 3-тур. 15 январь (чоршанба)
Ўзбекистон - Жанубий Корея
Ўйин бошланиш вақти:
15:15
ТВ-трансляция: «Спорт» ТВ

Чорак финал. 18-19 январь

Ярим финал. 22 январь

3-ўрин учун. 25 январь

Финал. 26 январь

 ОФК турнирида илк марта тўлиқ тартибда VAR тизимидан фойдаланилади

Қитъа чемпионати финал босқичи Таиланднинг Бангкок, Бурирам, ва Сонгхла шаҳарларида ўтказилади.

 Олимпиада йўлланмалари тикилган ушбу мусобақа Осиё футболи тарихидан жой олади. Бу мусобақа VAR (Video Assistant Referee) тизими тўлиқ тартибда фойдаланиладиган илк ОФК турнирига айланади.

 VAR тизими дастлаб, 2019 йили БААда ўтган Осиё кубогининг чорак финалидан бошлаб қўлланилганди. Синов муваффақиятли ўтгач, Осиё Футбол Конфедерацияси 2020 йилги Осиё чемпионати U-23нинг барча ўйинларида VAR тизимидан фойдаланилишини эълон қилди.

 Ўзбекистондан 4 нафар ҳакам ишлайди

ОФК ушбу мусобақада ишлайдиган ҳакамлар рўйхатини эълон қилган. Унга кўра, қитъа чемпионатида 4 нафар ўзбекистонлик ҳакам фаолият олиб боради.

 Валентин Коваленко ва Илгиз Танташев бош ҳакам сифатида, Тимур Гайнуллин ва Андрей Цапенко эса қанот ҳаками сифатида рўйхатдан ўтишган. Умуман олганда, чемпионатга 34 нафар бош ҳакам ҳамда 26 нафар қанот ҳаками ишлашади.

 Мезбон шаҳар ва стадионлар

Осиё чемпионати баҳслари Таиланднинг тўртта - Бангкок, Бурирам, Патум Тани ва Сонгхла шаҳарларидаги 4та стадионда ўтказилади. Мусобақанинг бош стадиони пойтахтдаги қарийб 50 минг томошабин сиғадиган «Ражамангала» ўйингоҳи саналиб, финал ва 3-ўрин учун ўйинлар худди шу стадионда бўлиб ўтади.

 «Ражамангала» стадиони
Шаҳар:
Бангкок
Ўйингоҳ сиғими: 49 722

«Бурирам» стадиони
Шаҳар:
Бурирам
Ўйингоҳ сиғими: 32 600

«Тинсуланон» стадиони
Шаҳар:
Сонгхла
Ўйингоҳ сиғими: 45 000

«Таммасат» стадиони
Шаҳар:
Патум Тани
Ўйингоҳ сиғими: 25 000

 Таиланддаги мусобақани Tribuna.uz ва Kun.uz мухбирлари ёритиб боради

Ўзбекистон жамоалари иштирокидаги муҳим мусобақа ва ўйинларни воқеа жойидан ёритиб бораётган Tribuna.uz ва Kun.uz сайти мухбирлари 6 январь куни Тошкентдан Таиланд пойтахтига етиб боришди. Олимпиадага йўлланма берувчи ушбу муҳим турнирни Таиланддан эксклюзив фото, видео, жонли эфирлар, мақола ва интервьюлар билан ижодий гуруҳимиз вакиллари ёритиб боришади. Шундай экан, қарийб 20 кун давомида сайтимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиздан узоқлашмай, кузатиб боринг. Таиланддаги мусобақа ҳарорати ва атмосферасини Ўзбекистондан туриб ҳис қилишингизга кафил бўла оламиз.

Усмон Ибодов тайёрлади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар