O'zbek Ўзбекча
Ўзбекистон регби федерацияси раҳбариятида ўзгариш юз берди
Шанба, 14 Сентябр
1326

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон регби федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда федерация раҳбарияти ва ижроқўм таркибини янгилаш кун тартибига қўйилган асосий масалалар бўлди. 

Конференцияни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенат раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон регби федерацияси раҳбари Содиқ Сафоев олиб борди. Шунингдек, унда МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Қосимов иштирок этди.

Овоз бериш жараёнига кўра, федерация раҳбариятидаги лавозимларга қуйидагилар сайланди:

Бош котиб: Қаҳрамон Жалилов;

Федерация раисининг биринчи ўринбосари: Азизбек Икромов;

Раис ўринбосарлари: Ойбек Қосимов ва Тимурбек Ҳикматуллаев;

Йиғилиш давомида терма жамоа вакилларини Токио Олимпиадасига тайёрлаш жараёнида йўлга қўйилган камчиликлар муҳокама қилиниб, келгуси йиллар учун ишлаб чиқилган режалар кўриб чиқилди.

“Янги раҳбарият олдига кўп вазифалар қўйилди. Регби эркакларча характерни ўзида мужассам қилган спорт турларидан бири. Бу спортда эришишимиз мумкин бўлган ютуқларимиз кўп. Уларни амалга ошириш учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб ишлашимиз даркор. Спортчиларимизни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Улар учун керак бўладиган барча шарт-шароитларни яратиб берамиз. Ҳозирда регбичилар шуғулланиши учун Ўзбекистон Миллий университети майдони режалаштирилган. У майдон улкан таъмирлаш ишларидан сўнг спортчиларимиз ихтиёрига топширилади”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Йиғилиш давомида федерация фаолиятини кучайтириш, ҳам эркаклар, ҳам аёллар терма жамоалари учун Париж Олимпиадасига йўлланма олиш вазифаси қўйилди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар