O'zbek Ўзбекча
Бразилиялик Элкесон Хитой миллий жамоасига чақирилди
Душанба, 19 Август
3748

«Гуанчжоу Эвергранд» клубининг бразилиялик ҳужумчиси Элкесон Хитой миллий жамоасидан чақирув олди.

AFC хабарига кўра, футболчи бош мураббий Марчело Липпи томонидан ЖЧ-2022 саралаш ўйинларига чақирилганлар рўйхатига киритилган.

29 ёшли Элкесон 5 йилдан бери Хитойда яшаяпти ва Бразилия миллий жамоаси таркибида бирорта ўйинда майдонга тушмаган. Бу эса ФИФА қоидаларига кўра унга Хитой миллий жамоаси таркибида тўп тепиш имконини беради. Titan Sports Plus хабарига кўра, футболчи ўз исмини Ай Цзисен деб ўзгартирган. Кантон лаҳжасида «Элкесон» сўзи айнан шундай талаффуз қилинади.

Элкесон 2013 йилдан бери «Гуанчжоу Эвергранд» шарафини ҳимоя қиляпти. 2016-2018 йилларда «Шанхай СИПГ» клубида ўйнаган. 2014 йилда Хитой Суперлигасининг энг яхши футболчиси деб топилган. 2013 ва 2014 йилларда Суперлига «Олтин бутса»сини қўлга киритган.

Аввалроқ, «Арсенал» тарбияланувчиси Нико Йеннарис (Ли Ке) Хитой миллий жамоаси таркибида тўп тепиш ҳуқуқини қўлга киритиб, Тожикистонга (2:0) қарши ўйинда дебют қилган эди. 

Хитой матбуоти хабарига кўра, яна 2 нафар бразилиялик – Рикардо Гуларт ва Алекс Тейшейра ҳам Хитой миллий жамоасига жалб қилиниши мумкин.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар