«Манчестер Сити»нинг чилилик дарвозабони Клаудио Браво ватандошларига ёрдам қўлини чўзди.
Daily Mail хабарига кўра, футболчи 2017 йили Чилида юз берган ўрмон ёнғинларида уйларидан ажралган 4 оилага янги уй олиб берди. Даҳшатли фожиада 11 инсон ҳалок бўлган, 3 мингдан ортиқ уйлар ва 400 минг гектар ҳудуддаги ўрмонлар ёниб кетган эди.
Жабрланган оилалардан бирида яшовчи 9 ёшли болакай Камило дарвозабондан футболкасини совға қилишни сўраган эди. Браво унинг илтимосини бажарди ва болакайнинг уйсиз эканини билиб қолди. Шундан сўнг у ўз ҳисобидан Камило ва яна учта оилага янги уй олиб берди.
Клаудио Браво 2016 йилдан бери «Манчестер Сити» шарафини ҳимоя қилмоқда. Унинг маоши йилига 3,5 миллион еврога тенг.