O'zbek Ўзбекча
Аргентина КОНМЕБОЛдан Бразилия билан ўйинни бошқарган ҳакамлар суҳбатининг аудиоёзувини беришни сўради
Пайшанба, 04 Июль
4746

Аргентина футбол ассоциацияси Копа Америка ярим финалидаги Бразилия билан ўйинни бошқарган рефери Родди Самбранонинг VAR ҳаками билан аудиомулоқоти ёзувини сўраб, Жанубий Америка Футбол Конфедерациясига мурожат қилди.

TyC Sports`нинг хабар беришича, Аргентина томони эквадорлик ҳакам ўша ўйинда Бразилия дарвозасига иккита пенальтини белгиламаган, деб ҳисобламоқда.

2 июль кунги ўйиндан кейин КОНМЕБОЛ ҳолатга изоҳ бериб, бош ҳакам Самбрано ва видеоассистент Леодан Гонсалес ўртасидаги аудиоалоқада техник муаммо юзага келганини билдирган эди.

Globo Esporte`нинг ёзишича, ҳакамларни боғлаб турувчи аудиотизимда носозликлар Бразилия президенти хавфсизлик хизмати ходимларининг айрим хатти-ҳаракатларидан кейин юзага келган. Ўша ўйинни мезбон мамлакат раҳбари Жаир Болсонару бевосита стадиондан кузатган эди.

Эслатиб ўтамиз, ўйиндан кейин меҳмонлар сардори Лионель Месси ўйиндаги ҳакамликдан шикоят билдирган, жумладан «ҳаммани Бразилия бошқараётгани»ни иддао қилган эди.

«Ҳакам арзимаган фолга ҳам карточка кўрсатаверди (Аргентина футболчилари беш марта огоҳлантирилган) ва бирор марта ҳам VAR ёрдамига мурожаат этмади, бунга ишониб бўлмайди!

Бутун ўйин давомида шундай бўлди. У кичик контактлар вақтида ҳам рақиб фойдасига ҳуштак чалди, бу эса бизни ўйиндан чалғитаверди. Бу жуда шубҳали.
Биз ўзимизни оқлай олмаймиз, аммо барчасини таҳлил қилиш керак. 

КОНМЕБОЛ бунга қандайдир чора кўришига умид қиламан. Аммо бу қийин, чунки Бразилия ҳаммани бошқаради», – деганди Месси.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар