O'zbek Ўзбекча
«Интер» «янги Агуэро»ни қўлга киритди
Шанба, 05 Май
4056

Аргентинанинг «Расинг» клуби ҳужумчиси Лаутаро Мартинес «Интер» футболчисига айланади. Бу ҳақда аргентиналиклар клуби президенти Виктор Бланко расман маълум қилган.

«Футболчимиз энди «Интер»да. Барча ҳужжатлар июнь ойида имзоланади. Фанатлар учун кутилмаган иш бўлишини истамадим», – деган Бланко.

Football Italia хабарига кўра, авельянедаликлар жамоасининг 20 ёшли ушбу футболчиси трансфери учун миланликлар 25 миллион евро тўлайди, шунингдек, футболчи кейинроқ бошқа клубга сотилса, трансфердан 10 фоизлик улуш «Расинг»га ўтади. Футболчи билан тузилажак шартномада 111 миллион евро миқдорида бадал пули белгилаб қўйилиши режалаштирилган.

«Янги Агуэро» деб аталаётган Лаутарога Дортмунднинг «Боруссия» клубидан ҳам жиддий қизиқиш билдирилганди. Немислар клуби футболчи учун 32,5 миллион евро таклиф қилганди, аммо футболчи учун курашда «Интер» устун келди.

Мартинесга Европа клублари у Либертадорес кубогидаги дебют ўйинида «Крузейро»га қарши кечган ва 4:2 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган ўйинда ҳет-трик қайд этганидан кейин жиддий қизиқа бошлашди.

Лаутаро Мартинес Аргентина чемпионатининг кейинги икки мавсумида «Расинг» сафида 41 учрашувда майдонга тушди ва 20та гол уриб, 5та голли пас муаллифи бўлди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар